ИИВ марказий аппарати ходимлари иштирокида ўтказилган Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари мавзусидаги маънавият ва маърифат дарсининг лейтмотивини жадидчилик ҳаракатининг асосий мақсади Туркистон халқларини маърифий йўл билан ижобий томонга ўзгартириш эканлиги белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Баҳодир Каримов жадидлар жаҳон сивилизациясида ниҳоятда катта рол ўйнаган Туркистондек тарихий ўлкада шарқона ҳаёт тарзини сақлаган ҳолда, уни Ғарб ва Европа тараққиёти натижалари билан бойитишни кўзлаганлигини таъкидлади. Шунингдек, нотиқ бу зиёли инсонлар юртни обод ва мустақил кўришни орзу қилишгани, бунинг учун янги усул мактабларини очиб, қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юборгани, газета ва журналлар чоп этиб, қолоқликка қарши маърифат билан курашгани, ҳатто ўша пайтдаги ҳукмрон кучларнинг зўравонлик ва тазйиқларига қарамасдан, жонларини фидо этиб бўлса-да, ўзлари танлаган йўлдан қайтмаганлигини келтириб ўтди.

Ватани ва халқининг порлоқ келажаги ҳамда унинг манфаатларини ўйлаб, ана шундай янгиланиш ва оламшумул ишларни амалга оширган буюк аждодларнинг фарзанди эканлигимдан яна бир бор фахрландим, дейди ИИВ Ахборот технологиялари алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси катта мутахассиси, лейтенант Дониёр Илҳомов. Шу боис уларнинг фаолияти билан янада яқиндан танишишни мақсад қилдим.

Она юртга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида ўтган ушбу тадбир якунида осойишталик посбонлари эътиборига жадидлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Михли САФАРОВ,

ўз мухбиримиз.