Маънавият ва маърифат дарси

(БОТИР ЗОКИРОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 85 ЙИЛЛИГИГА)

Куй-қўшиқ сарҳад, миллат танламайди. Оҳанрабодек ўзига жалб қилади. У қайси халққа мансуб бўлмасин, қайси тилда жарангламасин, юракдан ҳис қилишингизга ҳеч нарса монелик қила олмайди. Шу маънода айтиш мумкинки, ҳар бир халқнинг санъати ва маданияти ўзининг улуғ ва фидойи фарзандлари тимсолида намоён бўлади. Бундай истеъдод соҳиблари ўзларининг ҳаёти ва фаолияти давомида инсон тафаккури, маънавияти ва дунёқарашини бойитишга бемисл ҳисса қўшади. Бунинг самараси ўлароқ, унинг номи миллат тарихининг шонли саҳифаларида акс этади. Халқимизнинг севимли фарзанди, моҳир бастакор ва санъаткор Ботир Зокиров ана шундай фавқулодда истеъдод соҳибларидан бири эди.

Иқтидорли хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрелда таваллуд топган. Ботир Зокиров ўзининг интилиши, ғайрат-шижоати, санъат сирларини мукаммал ўзлаштириши ва албатта, соҳир овози сабаб халқимизнинг меҳрини қозониб, 23 ёшидаёқ машҳурликка эришди. Мисрлик бастакор Фарида ал-Атрашнинг «Орзуларим машъали» таронаси, кўпроқ «Араб тангоси» номи билан танилган қўшиқ хонандани кўплаб давлатларда машҳур қилган ва кўп йиллар давомида унинг «ташриф қоғози» бўлиб келган.

Ботир Зокировнинг ижодий изланишлари Ўзбекистонда санъатнинг умуман янги босқичи – эстрада жанрининг пайдо бўлишига олиб келган. Унинг «Араб тангоси», «Газли», «Қайдасан, азизим?», «Раъно», «Хаёлимда бўлдинг узун кун» ва бошқа қўшиқлари бугунги кунда ҳам афсонавий бўлиб қолмоқда. 

Ботир Зокиров «Олимпия»ни забт этган ягона ўзбекистонлик хонанда сифатида ҳам тарихда қолди. Бу Париждаги энг нуфузли ва обрўли консерт зали бўлиб, унда жаҳоннинг энг ёрқин юлдузларигагина куйлаш имконияти берилади. 1966 йилда франсиялик томошабинлар «ўзбек булбули»ни тик турган ҳолда олқишлашган. Танқидчилар эса ушбу консерт дастури ҳақида ижобий мулоҳазалар ёзишган. Ҳатто улардан бири хонанда «микрофон портлаб кетмаслиги учун ундан бироз узоқда туриши»ни ҳам таъкидлаб ўтган.

Ботир Зокировнинг қаламига мансуб шеърга, укаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг «Лейли» қўшиғи ёзилган. Кези келганда, Ботир Зокиров шеърлар ва ҳикоялар ёзгани, жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига моҳирона таржима қилганини ҳам таъкидлаш лозим. Жумладан, Теннесси Уилямснинг «Ойнали ҳайвонот боғи», Артур Лоуренснинг «Весцайд қиссаси», Антуана де Сент-Экзюперининг «Кичкина шаҳзода» асарлари 1967 йилда радио учун саҳналаштирилган.

Б. Зокировнинг рассом сифатидаги «Автопортрет», «Саратон», «Гумбазлар», «Болалик кўчаси», «Чор минор» каби асарлари ҳам унинг мухлисларига яхши таниш ва қадрлидир. У ижро этган қўшиқларнинг аксариятини тугал ва теран лирик-драматик асар даражасига кўтара олган. Репертуаридаги қатор қўшиқлар композиторлар томонидан Ботир 3окиров ҳамкорлигида, унинг овозига мўлжаллаб яратилган.

Эстрадамиз асосчиси турли жанрларда, ўзбек халқ қўшиқларидан ташқари, ўзи куй басталаган ашулаларни ҳамда ўзбек ва рус бастакорлари, шунингдек, хориж шлягерларини асосан асл кўринишида куйлаган. Ботир Зокировнинг бошқа тилларда ижро этган қўшиқлари санъацевар қалблар томонидан олқишлар билан кутиб олинганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бунинг яна битта сабаби, бир нечта хорижий тилларни яхши билганидир. Буни, қўшиқни фақатгина моҳирона ижро этишдан ташқари, юракдан ҳис қилиб куйлаш унинг жозибасини қанчалик оширишининг ноёб намунаси, дейиш мумкин. 

Хонанда Тошкент давлат консерваториясининг вокал факултети ҳамда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факултетида таҳсил олган. У «Ёшлик» ёшлар ансамблини ташкил этади ва тез орада шуҳрат қозонади. Хонанданинг овозини бир эшитган одам, албатта, уни эслаб қолар, қўшиқларига меҳр қўяр эди. У қалб тубидан отилиб чиқувчи, тингловчини ларзага солувчи тоза, таъсирчан, аллақандай бетакрор, «булбулигўё» юмшоқ – овоз тембрига эга бўлган.

1957 йил Москвада бўлиб ўтган Халқаро ёшлар ва талабалар фестивалида у илк бор «Араб тангоси»ни ижро этган. Пластинкага ёзиб олинган бу қўшиқ яшин тезлигида дунё бўйлаб тарқади ва унинг иқтидори санъат шинавандалари томонидан ҳануз севиб келинади.

50–60-йиллар охирига келиб, у турли жанрлардаги ижрочи сифатида собиқ иттифоқ миқёсида жуда машҳур бўлган. Қисмат уни серқирра иқтидор билан сийлаб, камдан-кам хонандаларга насиб этадиган ноёб овозни тақдим этган. Тақдирнинг бу туҳфасини мамнуният билан қабул қилиб олган санъаткор бутун вужуди билан куйлаган. Опера ариялари, ўзбек халқ қўшиқлари, хориж шлягерларини тингларкансиз, беихтиёр шундай хулосага келасиз. Унинг овози радио ва телевидениеларда жаранглаган, консерт дастурлари мухлислар орасида катта шов-шувга сабаб бўлган, яккахон консертларида ҳатто қадам босишга ҳам жой қолмаган.

Хонанданинг бой репертуари ҳам ҳайратланарли даражада эди. Ушбу репертуардан моҳирона ижродаги ўзбекча қўшиқларигина ўрин олмаган ва айтиш мумкинки, ҳозиргача ҳеч ким унинг гўзал ва ифодали ижроси билан рақобатлаша олмайди. 60-йиллар ўзбек эстрадасида айнан унинг ижросида италян, франсуз, испан, рус, юнон тилидаги қўшиқлар жаранглай бошлаган.

Ботир Зокиров Ўзбекистон давлат эстрада оркестрининг ташкилотчиларидан бири ҳамдир. Ўзбек эстрада санъатининг ривожи унинг ижоди ила бошланган бўлиб, миллийлик мавзусига юзланган ўзига хос чизгилари билан ажралиб туради. 1972 йил Ботир Зокиров Тошкент шаҳрида шарқдаги илк Мусиқий-холлни яратиб, уни бошқарган, шунингдек, режиссёри, бадиий раҳбари ва етакчи хонандаси ҳам бўлган. У шарқ фолклорини замонавий эстрада йўналишлари билан бирлаштириб, мусиқачилар ва кенг омма орасида унга бўлган қизиқишни уйғотишнинг уддасидан чиққан.

Ботир Зокиров ҳар томонлама иқтидорли бўлиб, ноёб қобилият эгаси эканлигини у суратга тушган киноларда ҳам кўриш мумкин. Ботир Зокиров иштирокидаги энг машҳур филмлардан бири «Даҳонинг ёшлиги» бўлиб, унда севимли хонандамиз билан бирга халқимизнинг етук санъаткорлари ҳам қатнашган.

Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров вафотидан кейин, 2000 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори 2021 йил декабр ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган хотира кечасини ўтказиш, пойтахтимизда улуғ санъаткор номи билан аталувчи миллий эстрада олий мактабини ташкил этиш, у ерда хонанда хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ва музейини барпо этиш, Бадиий академия томонидан Ботир Зокиров ҳайкалини яратиш бўйича танлов эълон қилиш ва уни Тошкент шаҳрида белгиланган тартибда ўрнатиш масалаларига алоҳида урғу берилган. 

Мухтасар қилиб айтганда, унинг қўшиқлари ҳануз жаранглайди, қилган хайрли ишлари, тарихан теран томирларимиздан сув ичган умрбоқий қўшиқлари мудом санъацевар кўнгилларга завқу шавқ улашишда давом этаверади.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.