Маънавият ва маърифат дарси

МИЛЛИЙ МУСТАҚИЛЛИК – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ АСОСИДИР

Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқлари­мизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ


Биз ўттиз уч йиллик тўйини нишонлаш арафасида турган буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Мустақиллик қадрини бегона бир халқ қўлида муте бўлиб яшаган одамлардан сўраган яхшироқ. Ҳозир ҳам миллионлаб нуфузга эга халқлар борки, ўз давлатини қура олмайди, бошқа бир титул халқлар давлатида иккинчи даражали, ҳатто майда миллат, дея ҳисобланиб яшайди. Спорт мусобақаларида ўз байроғи остида майдонга чиқа олмайди. Халқаро муносабатларда бошқа давлатлар билан бевосита мулоқот қила олмайди. Энг ачинарлиси, ўз еридаги ер ости ва ер усти бойликларига ўзи эгалик қила олмайди. Ўз она тилида гапира олмайди. Катта халқ тилини ўрганишга, шу халқ маданиятини улуғлашга мажбур бўлади. Ўз та­рихини унутишга ёки катта оға айтган йўсинда тасвирлашга мажбур бўлади. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик бу озодлик ва эркинлик деганидир.

Маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини қуришга, эркин бозор муносабатларига ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Янги Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида қандай воқеалар бўлиб турганидан барчамиз хабардормиз. Нотинч вазият туфайли инсонлар азият чекмоқда. Ана шундай бир шароитда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этади, десак, асло янглишмаймиз.

Бугун юртимизнинг барча гўша­ларида «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган бош ғоя тантанаси жарангламоқда. Жойлардаги сайлларда, тадбирларда, давра суҳбатларида бу ғоя фахрланиб, кўтаринки овоз билан зикр қилинмоқда, қалбларга руҳ бахш этмоқда. Зеро, Ватандан азизроқ макон йўқ бу дунёда. Ер юзида Янги Ўзбекистонимиз – якка-ю ягона, биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос бўлади.

Ушбу ғоя замирида халқимизнинг бирлиги, жипслиги, ҳамфикр ва жонкуярлиги, эл-у юрт шаъни ва осойишталиги йўлидаги бирдамлиги каби эзгу маъно-мазмун мужассам.

Дарҳақиқат, бирдамлик бўлган жойда юксалиш, олдинга силжиш, юксак марралар бўй кўрсатади. Доно халқимизнинг «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар» деган мақоли ҳам айнан шу мазмунда айтилган пурҳикмат топилмадир. Худди шу каби бирлашган эл-улус бир халқ, бир Ватан бўлиб, кўзланган энг юқори поғона­ларга чиқишга эришади. Дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олиш, халқнинг энг бахтиёр, осойишта эл сифатида яшашига эришиш, инсон қадр-қимматини юксалтириш, интеллектуал салоҳияти юксак авлодни камолга етказиш бугунги ислоҳотларнинг асл мазмунидир.

Мустақиллик, бу йилда бир марта, фақат мустақиллик байрамида эмас, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидек ас­раб-авайланадиган бебаҳо неъматдир. Унинг шарофати билан ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очилди. Мустақиллик бизга ўзлигимизни қайтарди. Мустақиллик бизга дин-у ди­ёнатимизни қайтарди. Мустақиллик – эркин эътиқод ва ибодатларимизни қайтарди.

Сўнгги йилларда Президентимизнинг фармони билан тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифалар, хусусан, инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қону­ний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри дегани, содда қилиб айтганда, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни қадрлаш деганидир. «Инсон қадри» тушунчаси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланишини ҳам ўзида қамрайди.

Айниқса, Ўзбекистон биринчи марта Бмтнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани бу соҳадаги амалий фаолиятимизнинг юксак эътирофи бўлди. 2021-йил 1-январдан буён мамлакатимиз Бмтнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида фаол ва самарали фаолият олиб бормоқда.

Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.

Жорий йилнинг 9-август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ол­тинчи Маслаҳат учрашуви ва унда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

Мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субектига айлангани рост. Бунинг учун ўтган йиллар давомида барча соҳада бирдек олиб борилган амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.

Энг муҳими, бугун истиқлолимиз шарофати билан эришаётганларимиз халқаро майдонда тан олиниб, эътироф этилмоқда. Кўплаб халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз номи юқори ўринларда қайд этилаётгани қувонарлидир.  

Бундан кейин ҳам бир бўлиб, бирдамликда, ягона халқ сифатида ҳаракат қилсак, албатта, энг юксак чўққиларни забт этажакмиз. Ватанимиз мустақиллиги шаҳдам одимларимизга, шиддатли ҳаракатларимизга куч ва маёқ бўлиб қолаверсин!

Ўз мухбиримиз.