Ёшим етмиш бешда. Ички ишлар органлари тизимида чорак аср хизмат қилдим. Соғлиғим ёмонлашгани сабабли тиббий-меҳнат эксперт комиссияси хулосасига кўра, иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, пенсияга чиқарилдим.
Пенсияга чиққанимдан сўнг ўн тўрт йил Навоий шаҳар “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, уч йил “Лочин” маҳалласи посбонлар тузилмаси сардори бўлиб ишладим. Маҳалла тизимидаги хизматларим қадрланиб, 2001 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўн йиллиги” эсдалик нишони, 2004 йилда эса “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсати халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган. Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳам шундан далолат бераяпти.
Яқинда ИИВ Тиббиёт бошқармаси Самарқанд шаҳридаги Реабилитасия марказида даволандим. Марказда даволанувчиларнинг саломатликларини тиклаши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Шифо маскани спорт залида турли хил тренажёрлар, шинамгина кутубхона мавжуд. Тажрибали тренерлар ҳам фаолият олиб боради. Хоналар телевизор, иситиш ва совутиш воситалари билан таъминланган. Овқатлар даволовчи шифокорлар ва беморларнинг истаклари асосида сифатли тайёрланади ва овқатланиш врач-диэтолог назорати остида амалга оширилади.
Энг муҳими, Реабилитасия марказида ўз касбига чексиз меҳр-муҳаббат қўйган, чин маънода фидойи инсонлар меҳнат қилаётганига амин бўлдим. Шифокорларнинг беморларни даволаш, саломатликларини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳар қанча мақтовга муносиб. Мен мазкур тиббиёт муассаси шифокорлари ҳамда барча ходимлардан беҳад миннатдорман. Шу ўринда марказ бошлиғи Р.Норпўлатов, марказ бошлиғининг даволаш бўйича ўринбосари Д.Раббимов, тажрибали шифокорлар Г.Саломова, Т.Мўминов, Ш.Аҳадова, О.Раҳимова, Р.Жуманиёзов, қўли енгил ҳамширалар Н.Сафоэва, Д.Қодирова, озодалик посбонлари-кичик ҳамширалар З.Зарипова, З.Жумаэваларнинг номларини алоҳида таъкидлашни истардим.
Реабилитасия маркази шифокорлари ва ишчи-хизматчиларини инсонлар саломатлигини муҳофаза қилишдек ғоятда шарафли ишларида улкан муваффақиятлар тилаб, “Мен сиздан даво топдим, жонга-жон шифокорлар” дегим келади.
Файзулло ЖУМАНАЗАРОВ,
истеъфодаги капитан.
Навоий шаҳри.
