Қадим Хоразмга қадами етган кишида ушбу заминнинг тарихий обидаларни кўриш, буюк ота-боболар руҳини шод этиш истаги уйғониши табиий. Шунинг учун биз мезбонларнинг таклифидан қувониб кетдик. Машҳур Ичанқалъа дарвозаси олдида бизни икки нафар ички ишлар органи ходими ҳарбийча салом бериб кутиб олди. Улардан бири лейтенант Азамат Аминов ҳамроҳимиз вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Аминбой Тожиевнинг невараси экан.

Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Калта Минор, Исломхўжа минораси каби ўнлаб обидаларга бағридан жой берган эртаксимон Хива шаҳри кимларни лол этмайди дейсиз. Шаҳардаги халқ хунармандчилиги намуналари растасида театрлашган ажойиб воқеа гувоҳига айландик. Жарчи бор овози билан хон ҳазратлари келаётганидан хабар берарди. Бизнинг ёнимиздан улуғворлик билан ўтаётган "хон ҳазратлари" билан учрашувимизни ҳамроҳларимиздан бири тасвирга олиб ҳам қўйибди.

Хивадан катта таассурот билан қайтгач, мезбонлар билан қуюқ хайрлашдик ва шинам микроавбусда Нукус томон йўл олдик.

Ғайрат БОЛТАБОЕВ,

ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси

ўринбосари, истеъфодаги полковник.