Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари учун “Инсонга эътибор ва сифатли таълим – янги Ўзбекистонда устувор йўналиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўз олган Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда жорий йилда юртимиз истиқболи йўлида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ишлар тўғрисида ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек ўзининг она Ватан, меҳр-муҳаббат ва истиқлолимизни тараннум этувчи шеърларидан намуналар ўқиди.
Тадбирда сўзга чиққан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Жамшид Ходжаев юртимизда ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар хусусида тўхталиб, келажагимиз эгаларининг таълим-тарбияси ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда китоб мутолаасига бўлган қизиқишини янада ошириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.
Тадбир доирасида мазкур агентлик раҳбарияти томонидан ички ишлар органлари ходимларига 500 дона жаҳон адабиётининг йирик намояндаси Фёдор Достоэвскийнинг “Жиноят ва жазо” ҳамда севимли адибимиз Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” китоблари топширилди.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
