Муомаладан инсон, аввало, қурол сифатида фойдаланади. Агар киши хушмуомала бўлса, у доимо қуролланган кишидек шашт билан шахдам юради. Хушмуомалалик тўнини кийиб, хасисни пул билан, такаббурни сиполик билан, аҳмоқни тантилик билан, донони эса ҳақиқат билан енгиб кетаверади.
Муомала – қалқон. Ундан қалқон сифатида фойдаланиш учун олдин ақлга ишора қилиш керак бўлади. Адоватни адоват билан бартараф қилиб бўлмайди, уни фақат адовацизлик билан бартараф этиш мумкин.
Нодонлик аломати бесабаб жанжалкашлик: ақлли, доно одам нодон билан ади-бади айтишмайди. Босиқлик, вазминлик ва хушмуомалалик билан вазиятдан чиқиш муомаладан қалқон сифатида фойдаланиш бўлади.
Муомала – калит. Оқил-у донолик билан қилинган муомала ёпиқ эшикларни очади. Яхши гапга илон инидан чиқади, дейди халқимиз.
Муомала – одоб. Агар инсон одоб билан муомала қилса, бошқаларда яхши таассурот қолдиради. Ёқимли сўзланг, лекин хушомадгўйлик қилманг, қаҳрамон бўлинг, лекин мақтанманг, сахий ва ҳотам бўлинг, лекин номуносиб беномусларга эмас, дадил бўлинг, аммо қўпол ва сурбет бўлманг.
Муомала – дўст. Яхши муомалада бўлган кишининг албатта дўстлари кўп бўлади.
Муомала – яхшилик. Ички ишлар ходимида бировларга яхшилик қилиш имконияти кўп. Албатта бундан ноқонуний ишлар мустасно бўлиши керак. Қанча яхшилик қилсам, биронтаси буни билмаяпти-я, деб нолиманг. Чунки буям савоб. Хайр-эҳсонга тенг савоб йўқ. Осмонда қушнинг, сувда балиқнинг изи кўринмайди. Яхшилик қилинг сувга ташланг, билса балиқ, билмаса Холиқ билади, дегани шундан.
Муомала – тил. Бойнинг ҳам, ҳукмдорнинг ҳам, болами, кексами, зоҳид-у дономи, аёл кишими ё тентакми ҳаммасининг «тили»ни топа билган одам чинакам оқилдир.
Муомала – сўз. Инсон руҳини ҳеч бир нарса сўзчалик кўтара олмайди. Бу дунёда одам иккита фазилати билан гўзал кўринади: қўпол сўзламаса ва арзимаган нарсага ортиқча баҳо бермаса. Билингки, одамзоднинг номайи аъмолини сўзи белгилайди, унинг асоси сўздир, сўздан яралган. Сўзда алдаган одам ҳамма соҳада ва ҳар қандай йўл билан алдайди.
Муомала – тадбир. Хушмуомала кишининг иши тез битади. Муомала дуруст бўлмаса, битаётган иш ҳам тескари кетади. Иложсиз ишларнинг иложи йўқ, имкони бор нарсанинг иложи бор. Арава сувда сузмайди, кема қуруқликда юрмайди.
Муомала – тақдир. Билинг, ички ишлар органлари хизматида хавф бор, хатар бор. Аммо сиз бундан сира чўчиманг. Агар мингта ўқ тегса ҳам, ажали етмаган одам ўлмайди. Вақти соати етган бўлса, чўпга қоқилиб ҳам жон бериш мумкин. Яхши муомалали кишиларнинг ишга кираётган пайтда суҳбат жараёнида раҳбариятга маъқул келиши, ёмон муомалада бўлганларнинг остонадан қайтиб кетаётгани ҳақида ижтимоий тармоқда мисоллар жуда кўп.
Муомала – кўзгу. Кўзгудан юзингиз кўринади. Лекин муомала кўзгусидан феълингиздаги нуқсонларниям кўрасиз.
Бир турли инсонлар борки, улар юқори мансабдагиларга етти букилиб салом беради-ю, аммо ўзидан паст лавозимдагиларни назар-писанд қилмайди. Уларга ғўддайиб, қўпол муомала қилади.
Яна бир тоифа кишилар (афсуски, ходимлар орасидаям учраб туради) борки, кичик бўлса-да, ўзидан ёши катталарга салом бермай ўтиб кетаверади. Уларга танбеҳ ҳам кор қилмайди. Албатта бундай беадаблар, аввало, оиласида тарбия кўрмаган бўлишади. Шунинг учун улар феълини билган тарбияли кишилар уларга салом бериб ўтишади.
Қадимда бир инсоннинг дарвозаси олдига қўшниси ҳар куни бир челак чиқиндисини қўйиб кетар экан. Бу одам эса, эвазига бир челак олмани қўшнисинг дарвозаси олдига қўйиб келаверибди.
Бу ҳол бир ойдан зиёд давом этгач, ахлатчи қўшни жаҳл билан келиб, «Эй, сиз қанақа одамсиз, мен сизни ёмон кўрганимдан ҳар куни дарвозангиз олдига чиқинди қўйиб кецам, сиз олма қўйиб келасиз, бу нима, устимдан куляпсизми?», дебди. Шунда «Нима қилай, қўшни, ҳар ким ўзида борини беради-да», деб жавоб берган экан.
Қиссадан ҳисса шуки, эгнидаги формасигами ёки ўткинчи лавозимига маҳлиё бўлган айрим ходимлар ҳамкасбларига салом бермай, фуқароларга ўдағайлаб, балки ўзида борини кўрсатаётгандир. Ўз навбатида маънавиятли, маърифатли ходимлар одоб-ахлоқи, хушмуомаласи ва хушфеъллиги билан аввало, ота-онасига, хизмат қилаётган идорасига раҳматлар олиб келишяпти.
Хушмуомалалик тўғрисида халқимизда «Буғдой нонинг бўлмасаям, буғдой сўзинг бўлсин», «Тош отганга ош от» каби мақоллар бор.
Албатта, бугун интернет асри, ғарб тарбияси эшиклардан эмас, қулоқчинлардан ёшлар онгига кириб келаётган бир пайтда миллий тарбиямиз китоблар қатида, токчаларда қолиб кетаётгани туфайли айрим ёшларнинг муомала одобида бир қатор нуқсонлар сезилмоқда.
Бунга ғарб адабиётини ўқиб, улардан фақат ўз манфаатига хизмат қиладиган, «Бошқалар билан ишинг бўлмасин, ўзингнинг ишинг бица бўлди» қабилидаги «ёқимли» ўгитларни ўзлаштириб олаётгани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, машҳур Дейл Карнегининг «Қандай қилиб кўпроқ дўстга эга бўлиш ва одамларда яхши таассурот қолдириш мумкин?» деган асарини ўқиган киши ундан «Енгилнинг остидан, оғирнинг устидан ўтиш, ўз манфаати амалга ошиши учун мийиғида сохта кулгулар ясаш, асосан тўғри ёки нотўғри бўлсин, хўжайинларнинг гапини маъқуллаш, қандай қилиб бўлмасин, ўз ишини битириб олиш тактикасини ўрганади, холос.
Шарқ фалсафаси эса ундай эмас. Олганинг эмас, берганинг ўзингники, дейди. Бажартирганинг эмас, бажарганинг сеники. Бу амалларни эса ошкора эмас, хуфёна бажар, ҳатто ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дейди. «Буюк ёки эътиборли бўлмоқни истасанг майли, лекин ўзни баланд тутма, камтар бўл», дейди буюк мутафаккир Саъдий Шерозий.
Манманлик, кибр-у ҳаво
қилмасин бошингни банд,
Баланд бўлмак истасанг,
тутмагин ўзни баланд.
Мухтасар айтганда, муомала маданияти ходимнинг маънавий қиёфасини белгилайди. Маънавий қиёфа эса китоб ўқиш, билим олиш, кўрган-билганлардан хулоса чиқариш орқали шаклланади.
Шуҳрат Рўзиев,
ўз мухбиримиз.
