Маънавият ва маърифат дарси
Оила деганда, кўз олдимизга ҳар бир сўзи ибрат сабоғи бўлган бобою бувилар, меҳрли нигоҳида ҳаётчанлик балқиб турган ота-оналар, аҳил-иноқ ака-ука, опа-сингиллар, бир-биридан ширин болажонларнинг шод-хуррамлиги файз киритган ошён келади. Аслида оила ана шундай ҳаёт давомийлигини таъминловчи муқаддас даргоҳ. Унда ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат, киндик қони томган она Ватанга садоқат, жонга жондош миллат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан эл ишига елка тутишдек чин инсоний фазилатлар шаклланади. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятлар, анъаналар ҳам шу даргоҳда қалбга янада чуқурроқ ўрнашади.
Тарихга юзлансак, ота-боболаримиз ҳам оила қўрғони, унинг мустаҳкамлигини сақлашга катта эътибор билан қараганига амин бўламиз. Хусусан, буюк алломаларимиз Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Кайковусдан тортиб Беруний, Ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек ўз асарларида оилавий масалалар, хусусан, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, бола тарбиясида ота-она, бобо-бувининг ўрни, комил ва ватанпарвар шахсни етиштиришда оиланинг аҳамиятига алоҳида ёндашган. Улар ўзларининг ибратли ҳикоят, ривоят, фарзандларга мактуб, ҳикматли сўз, панд-насиҳатдан иборат шеърларида бу қўрғонни асраш, муқаддас деб билиш ҳақидаги ҳаётий хулосаларини ёзиб қолдирган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2014–2016 йилларда 3 минг 604 та, 2017–2019 йилларда 2 минг 668 та, жами 6 минг 272 та хонадондан иборат «Ёшлар уйлари» ёш оилаларга ажратилган. 2020 йилда эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2149 та уй-жой ажратилиши белгиланган.
Ҳатто соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг «Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантириш ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина, эл-юртга тўй-томоша бериб, келин туширдим», дея билдирган таъкидидаги «Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим» жумлаларида унинг эртаси мустаҳкам бўлиши учун қайғуриш борлигини англаш қийин эмас. Зеро, ахил-иноқ, тинч-тотув ошёнда одоб-ахлоқи гўзал, жисмонан ва маънан етук фарзандлар камолга етади.Ҳар жиҳатдан баркамол авлод эса юртнинг эртаси, ишончи, ёруғ келажагидир.
Шу ўринда сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятимиздаги ҳар бир оиланинг бахтли яшашини таъминлашдек эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини таъкидлаш ўринлидир. Намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги «Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айни кунлардаги амалий ишларда дастуруламал бўлмоқда, десак, тўғри бўлади.
Айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга эътибор ҳамиша юртимиздаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Шу ўринда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг энг йирик лойиҳаларидан бири мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган «Ёшлар уйлари» лойиҳаси эканлигини таъкидлаш жоиз.
Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта туғуруқларнинг олдини олиш, тарбияси оғир вояга етмаганлар, нотинч оилалар фарзандлари ва уларнинг ота-оналари билан тизимли ишлаш бўйича ҳар бир вилоятнинг ўзига хос хусусиятига қараб, «Йўл харитаси» ишлаб чиқилгани ушбу йўналишдаги турли муаммоларнинг олдини олишда қўл келмоқда. Айниқса, «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» дастурлари аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда айни муддао бўлмоқда. «Ибратли оила», «Китобхон оила», «Ёш китобхон оила» сингари танловлар эса ҳар бир оиланинг каттаю кичик аъзоси қалбига жо бўлган китоб, адабиёт сингари қимматли маънавий хазинани янада бойитиш, ўзбекона тарбиянинг ўзига хос жиҳатларини мушоҳада этиш имконини яратмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ўтган йили «Ибратли оила» танловининг маҳаллалараро, туман (шаҳар) ҳамда вилоят босқичларида жами 23 941 та оила иштирок этган ва 42 та оила ғолибликни қўлга киритган бўлса, ҳозирда юртимиздаги 3500 та оила «Китобхон оила» танловининг фаол иштирокчисига айланган.
Шунингдек, юртимизда аҳолини ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш мақсадида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» шакллантирилиши ҳам мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганиб чиқиш ва уларни бартараф этишда ўзининг самарасини бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қолаверса, секторларда ишнинг «маҳаллабай», «оилабай» «фуқаробай» тизимида ташкил этилаётгани ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, оилаларнинг аҳволини яхшилаш ва ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этишда қўл келмоқда.
Юртбошимиз ташаббуси билан ички ишлар органларида жорий этилган янги тузилма – хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашиш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишда ўзига хос тузилма сифатида халқимиз ҳаётига сингиб улгурди. Ушбу вазифада ишлаётган ходималар кундалик ҳаётида ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда муаммоларга дуч келиб, унинг ечимларини излаётган хотин-қизларнинг маълум маънода сирдоши, маслаҳатгўйига айланди. Айниқса, тазйиқ ва зўравонликка учраса-да, оилавий муаммони остона ҳатлаб кўчага олиб чиқмай, сабр билан ҳаёт кечираётган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилаётгани содир этилиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Ёши улуғлар янги оила қураётган ёшларни ҳар гал дуо қилар экан, «Қўшгани билан қўша қарисин», дея эзгу тилак билдиришади. Бу тилакда икки ёшнинг бахт-саодати, камолоти, жамиятнинг мустаҳкам оилаларидан бири бўлишидек қатор хайрли истаклар мужассам. Аслида ҳам шундай, ҳар бир инсон оила қурар экан, у оиласи тинч, ҳаёти фаровон бўлишини истайди. Оиласидан кўнгли хотиржам кишигина жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, унга наф келтиради. Бундан ягона ва тўғри хулосага келиш мумкин: мустаҳкам оила – жамият кўркидир.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
