Маънавият ва маърифат дарси
Яхши биламизки, узоқ сафарларга ёки жанг-у жадалларга кетаётган аждодларимиз бир сиқим Ватан тупроғини ўзлари билан олиб юрганлар. Бу ҳодиса бугунги кунимизга ҳам бегона эмас. Хориждаги кўплаб ватандошларимизнинг сўнгги дамларида юрт тупроғини кўзларига тўтиё қилганларини эшитиб, қалбимизда озод ва обод Ўзбекистонимизга нисбатан муҳаббат туйғуси янада жўш уради...
Халқимиз асрий орзуси ушалган Мустақиллик санаси энг улуғ, энг азиз байрам сифатида кенг нишонланиши бежиз эмас. Дарҳақиқат, тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланиб, куч-қудрати ва салоҳияти ҳар томонлама юксалиб бораётир. Бу аввало, юртимизда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар натижасидир.
Юрт равнақи, ҳудудларни ривожлантириш, соҳалар тараққиётига қаратилган дастур ва режалар инсон бахт-у саодатига, фаровонликка, бугунимиз ва эртанги кунга хизмат қилишини ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис қилмоқда, бунга бевосита ўзи гувоҳ бўлмоқда. Тинч-осойишта юртимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳар-у қишлоқларимиз тобора чирой очиб, дунё бўйлаб мамлакатимизнинг нуфузи ошиб бораётгани ҳар биримизга ғурур бағишлаб, эртанги кунга ишончимизни оширади.
Айниқса, сўнгги 5-6 йилда амалга оширилган ислоҳотларга теран назар ташласак, қалбимиз равшанлашади. Ўзбекистон дунёга очилди. Маълумки, мамлакатимиз ташқи сиёсатида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳим ўрин тутади.
Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё давлатларининг барқарорлиги ва ҳамжиҳатлиги, биринчидан, халқ фаровонлигига, иккинчидан, минтақанинг инвестицион жозибадорлигини ошириб, хорижий шерик давлатлар ва инвесторлар билан ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади. Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ўртасида шаклланган ва янада мустаҳкамланиб бораётган янги муҳит мазкур мақсадларга эришишга ҳамда ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади. Яқин қўшниларимиз, илдизи томирларимизга асрлар мобайнида туташиб кетган қардошларимиз билан яқин қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамлангани халқлар ўртасидаги дўстона муҳитни янада мустаҳкамлади.
Президентимиз ташаббуси билан туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани мамлакатимиз обрўсини, нуфузини дунё миқёсида янади оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, ўтган 2022-йилда 5,2 млн нафар чет эл фуқаролари турист сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2021-йилнинг мос даври билан солиштирилганда 3,4 млн нафарга ёки 2,8 бараварга ошган. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида эса, Ўзбекистонга 3,1 млн нафар чет эл фуқаролари ташриф буюрган.
Яна бир алоҳида тўхталадиган жиҳат – одамларнинг мустақилликни том маънода ҳис этишлари учун бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга умид билан қарашига эришиш мақсадида ўтказилаётган сайёр қабуллардан мамнун бўлаётганини барчамиз кўриб, ҳис этиб турибмиз.
Табиийки, амалга оширилаётган ислоҳотлар бошқа соҳалар қатори, ички ишлар органларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Янги руҳ ва шижоат билан иш бошлаган осойишталигимизнинг муносиб посбонлари Ватанимиз тинчлиги йўлида ўзларининг бор куч ва ғайратларини аямасдан хизмат қилиб келмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони йилдан-йилга камайиб, содир этилиши мумкин бўлганларининг эса барвақт олди олинмоқда. Соҳа ходимларининг хизматини янада такомиллаштириш мақсадида улар қулай шарт-шароитларга эга бўлган замонавий бино ва техникалар билан таъминланяпти.
Соҳани аҳолига хизмат қилувчи халқчил тузилмага айлантириш, халққа яқинлаштириш мақсадида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳолининг ички ишлар органларига ишончи ортяпти. Шу боисдан фуқаролар нафақат жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилганларини фош этиш, балки бошқа турли масалалар юзасидан биринчи навбатда ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилаётгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир.
Бугун қишлоқларимизни кезар экансиз, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошаётганига бевосита гувоҳ бўласиз. Ҳар бир уйда қўша-қўша автотранспорт воситалари, қад ростлаётган замонавий тураржойлар аҳоли фаровонлиги ошаётганининг ёрқин намунасидир.
Сифатли таълим фарзандларимизнинг ҳар томонлама билимли бўлиши шубҳасиз, порлоқ келажагимизнинг асосий пойдеворларидан биридир. Ихтисослаштирилган ўрта таълим муассасаларидан ташқари, Президент мактаблари фаолиятининг йўлга қўйилганини бу йўлдаги хайрли ва эзгу амалларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш мақсадида кўплаб нодавлат олий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда.
Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ҳамда адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди. Мамлакатда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати тамойили барча ҳаракатларнинг негизига қўйилди.
Муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан олдин жамоатчилик муҳокамаларининг ташкил этилиши ҳам ислоҳотлар самараси саналади. Бу, жамоатчилик назорати ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятининг таъминланаётганига яққол далилдир. Шу билан биргаликда, сиёсий ҳуқуқларнинг таъминланишини сайловларда нафақат мамлакатимизда истиқомат қилаётган аҳоли, балки хориждаги фуқароларимиз, жазони ижро этиш муассасаларидаги айрим тоифадаги маҳкумларнинг ҳам иштирок этаётганида кўриш мумкин.
Узоқ йиллар давомида халқимиз орасида истиқомат қилиб, эл-юрт равнақига ҳисса қўшиб келган шахсларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларга фуқаролик бериш тартиби соддалаштирилди. Бунинг натижасида 2018–2021-йилларда 70 мингдан ортиқ шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Албатта, мўжаз мақолада истиқлол йилларида жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилган улкан ишлар, бу борада келгусидаги режалар хусусида батафсил тўхталишнинг иложи йўқ. Биз мустақиллик берган имкониятларнинг айримларигагина қисқача тўхталиб ўтишга ҳаракат қилдик, холос. Токи ер юзида ҳаёт давом этар экан, она Ватанимиз янада тараққий этиб, халқимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади. Зеро, мустақиллик бу ҳуқуқ демакдир, Ўзбекистон эса улкан имкониятлар мамлакатидир.
Шерзод АБДУСАМАДОВ,
ўз мухбиримиз.
