Маънавият ва маърифат дарси
Шу кунларда халқимиз неча юз йиллик тарихи давомида орзу қилиб, интилиб яшаган, мамлакатимиз тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк, оламшумул воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик тўйини нишонлаш арафасида турибди.
Ўттиз йил аслида тарих учун бир лаҳза, холос. Лекин ана шу йиллар халқимиз учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга бўлганини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис қиламиз. Чунки ўтган даврда Ўзбекистон мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлди.
Мустақиллик йилларида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардонавор енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Чексиз шукроналик билан қайд этиш жоизки, жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ҳукм сурмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.
Тинчлик ҳукм сурган юртда қут-барака бўлиши табиий. Мамлакатимиз йил сайин иқтисодий жиҳатдан бақувват ва фаровон бўлиб боряпти. Шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб, кўнглимизда фахру ифтихор туйғулари жўш уряпти. Шу боис ҳозирги ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз — тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш устувор вазифамиз ва мақсадимиз ҳисобланади.
Жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун биз ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этишдек, Учинчи ренессанс даври пойдеворини яратишдек буюк мақсадни қўйдик. Ҳеч шубҳасиз, бу борада жамиятимизда қарор топган тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ғояга содиқлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида ғурур, ифтихор туйғуларини, комил инсонга хос фазилатларни шакллантириш, бугунги кунда барчамизнинг олдимизда турган муҳим вазифадир.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати сўнгги беш йилда мамлакат ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлган, энг самарали ташаббус ҳамда ислоҳотларни аниқлаш учун навбатдаги экспертлик сўровини ўтказди.
Жорий йилги глобал сўров натижаларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга молик 15 та муҳим ислоҳоти шакллантирилди. Экспертлар фикрича, Ўзбекистон етакчисининг энг муҳим ислоҳотлари қуйидагилардан иборат:
1. Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилди, чегаралар очилди ва назорат пунктлари ташкил этилди, Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилди.
2. Валюта бозори эркинлаштирилди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.
3. Давлат хизматлари тизими ривожлантирилди, Давлат хизматлари марказлари ишга туширилди, ортиқча бюрократияга барҳам берилди.
4. Туризмни ривожлантириш доирасида 90 мамлакат учун визасиз режим, 48 мамлакат фуқаролари учун визасиз транзит режими жорий этилди.
5. Инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди, мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнати тугатилди.
6. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилди.
7. Медиа муҳити кенгайтирилди, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги, муҳим ҳукумат қарорлари қабул қилинишидаги роли оширилди.
8. Гендер сиёсати янги босқичга олиб чиқилди, хусусан, Республика Гендер комиссияси ташкил этилди.
9. Олий таълим тизими ривожлантирилди, университетларга қабул квоталари оширилди, миллий ва хорижий олий таълим муассасалари филиаллари очилди.
10. Тадбиркорлик муҳити яхшиланди, хусусан, бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва уни юритиш бўйича жараёнлар соддалаштирилди.
11. Камбағаллик расмий даражада тан олинди ва уни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув шаклланди.
12. Коррупсияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар амалга оширилди.
13. Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилди.
14. Ўзбекистонда тўғридан-тўғри 15 йил давомида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни қабул қилиш тартиби жорий этилди.
15. Орол денгизининг суви қуриган тубида ўрмон барпо қилинди. БМТ қошида Орол денгизи минтақасида Инсон хавфсизлиги бўйича Траст фонди ишга туширилди, БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қилди.
Баҳром САИДОВ,
ИИВ Академияси профессори,
подполковник.
