«Енг ичида»ги эврилишлар
Афсуски, мана шундай улкан салтанатларга асос солган саркардалар, жаҳон илм-фани ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларга бешик бўлган юртда дастлаб Чор империяси, кейинчалик советлар даврида олиб борилган сиёсат натижасида халқимиз ўзининг асл тарихини қарийб унутаёзди.
Истилочилар туркийлардаги жанговар руҳни сусайтириш, исён ва қўзғолонларнинг олдини олиш учун, энг аввало, уларни маънавияти, миллий ҳисларидан мосуво қилишга зўр бериб ҳаракат қилишди. Генерал-губернатор
М. Скобелевнинг «Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи адойи тамом бўлади...» деган сўзлари Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатининг моҳиятини очиб беради. Айниқса, советлар ҳукмронлигида ўтган етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида режали тарзда халқимиз маънавиятига қарши олиб борилган сиёсат натижасида улар бу ниятига маълум даражада эришди ҳам.
Гарчи собиқ Иттифоқ барча миллатларнинг тенглиги ҳақида гапирилса-да, аслида «енг ичида» бу халқларга қарши, уларни камситиш, иттифоқ таркибида мажбуран ва доимий назоратда ушлаб туриш сиёсати олиб борилди. Бу сиёсат совет даврининг энг сўнгги кунларига қадар амалда бўлди.
Ўзликни англаш сари йўл
Истиқлол йилларида Ўзбекистонда миллий тарихимизни холисона ўрганиш, турли тазйиқларга қарамай, асрлар оша яшаб келган миллий қадриятларимизни, бой маънавий меросимизни қайта тиклаш, бир сўз билан айтганда, узоқ йиллик мустамлака зулмидан эзилган халққа ўзлигини англатиш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кўплаб эзгу ишлар амалга оширилди. Миллий маданиятимизга, жаҳон сивилизацияси тараққиётига буюк ҳисса қўшган боболаримиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳмад Яссавий, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур ва бошқа кўплаб аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси халқимизга қайтарилди, таваллуд топган кунлари бутун мамлакат, ҳатто халқаро миқёсда кенг нишонланди, асарлари қайта-қайта нашр этилди.
Ватанимиз озодлиги йўлида шаҳид кетган маърифатпарварлар – Абдулла Авлоний, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев ва бошқа халқ жигарбандларининг пок номлари тикланиб, асарлари чоп этилди.
2000-йил 12-май куни Тошкентда мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи, 2002-йил 31-августда эса ушбу мажмуа ҳудудида «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи тантанали равишда очилди ва 31-август мамлакатимизда «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни» деб эълон қилинди.
Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кенг нишонланиши, узоқ йиллар эътиборсиз қолган тарихий обидалар, масжид-у мадрасаларнинг тикланиши, зиёратгоҳларнинг қайта таъмирланиб, обод қилинишидан ҳам аслида миллий маънавиятимизни юксалтириш, ўзлигимизни англаш мақсади кўзланган, десак, хато бўлмайди.
Халқнинг қаддини
ғурур тиклайди
Бу каби эзгу ишлар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Зеро, ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, маърифатпарвар боболаримизнинг Ватан озодлиги ва юрт тараққиёти ҳақидаги ғояларини таъбир жоиз бўлса «қайта тирилтириш», уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Президентимизнинг қатор фармон ва қарорларига асосан маърифатпарвар боболаримизнинг муқаддас орзуларини рўёбга чиқариш, мамлакатимизда янги – учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш стратегик вазифа қилиб белгиланди. Хусусан, 2020-йил 8-октабрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиш ҳамда 2024-йил 19-июлдаги «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарорлар бу борадаги эзгу ишларни сифат ва кўлами жиҳатидан янги босқичга кўтаришга замин яратди.
Беҳбудий, Чўлпон, Мунаввар қори, Ибрат, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ғулом Зафарий каби жадид боболаримиз, Исломхўжа, Баҳодир Ялангтўш каби давлат арбобларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли ва бадиий филмлар тайёрланиши, жадидлар фаолиятига оид кўплаб янги тадқиқотлар ва китобларнинг нашр қилиниши, спектаклларнинг намойиш этилишини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Бу борадаги ишлар ҳуқуқий жабҳада ҳам давом эттирилиб, 2021–2024-йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг
200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг оқланганини мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаётида катта воқеа, том маънода, тарихий адолатнинг тикланиши, дейиш мумкин. Энг асосийси, истиқлол йилларида тарихий адолатнинг тикланиши натижасида халқимизга қайтарилган буюк аждодларнинг маънавий мероси, ибратли ҳаёти, ўз жонини аямасдан Ватан озодлиги йўлида кўрсатган жасорати янги Ўзбекистонни қуришда халқимизга жуда катта маънавий куч-қудрат бағишламоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ана шу буюк тарихимиздан сабоқ олган, аждодларимизнинг пок номларини таниган ёшларнинг уларга муносиб авлод бўлишга интилиши, миллий ғурури баланд, чинакам ватанпарвар шахс сифатида камол топиши шубҳасиз.
Элбек НОРМЎМИНОВ,
маёр.
