Мустақиллик эълон қилингандан буён ўзбек халқи ўз тақдирини ўзи мустақил равишда белгилашдан иборат бўлган ҳуқуқни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Мустақиллик асрлар мобайнида унинг учун курашиб келган халққа кенг тарихий имкониятлар очиб берди. Истиқлол­нинг дастлабки йиллари Ўзбекис­тонда фаол миллий давлат қурилиши, халқнинг миллий ўзлигини анг­лашнинг ортиши, кўп асрлик маънавий-ахлоқий қадриятларининг қайта тикланиш даври бўлди.

Мустақиллик Ўзбекистон халқига қаддини баланд тутиш, ўз ерининг ҳақиқий хўжайини деб ҳис қилиш, ўзбек халқига чинакам қадр-қиммат туйғусини, тил ва маънавиятини қайтариш имконини берди. Истиқлол Ўзбекистон аввал бошданоқ у миллий давлат қурилишининг асосий устувор йўналиши сифатида демократия қадриятларини, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, эркин бозор иқтисодиётини яратиш йўлини танлади.

Ҳозирги дунё глобаллашуви жараёнида ҳар бир давлат ўзлигини сақлаб қолиши, ўз мустақил сиёсатини юритиши катта ва мураккаб масала. Аммо Ўзбекистон буни уддаламоқда. Бу ҳақиқатни Президентимизнинг нуфузли халқаро анжуманларда билдираётган долзарб масалалардаги амалий таклифлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани ҳам исботлаб турибди. 

Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган «Янги Ўзбекистон» ғояси замирида улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари мужассам. 

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда муҳим Уйғо­ниш жараёни кечмоқда. Шу­нинг учун «Янги Ўзбекис­тон» ва «Учинчи Ренессанс» сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳам­оҳанг бўлиб янграмоқ­да, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда. Юртимиз қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Айниқса, «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги» сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

Халқимиз ҳаётида маж­бурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупсия, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини очиқ тан олиб, улар кенг жамоатчилик билан биргаликда бартараф этилмоқда. Бугун одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлмоқда. Улар турли даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг иш фаолиятига холисона баҳо бермоқда, камчиликларни ошкора танқид қилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда «Янги Ўзбекистон» ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир. 

Ўтган тарихан қисқа даврда мамлакатимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди. Юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини амалда таъминлаш, бозор иқтисодиёти принсипларини ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини ошириш, ташқи сиёсат соҳасида Марказий Осиё минтақасида дўстлик ва ҳамкорлик руҳини кучайтириш, дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кириш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.

Биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Қўшни – қўшниси билан, ака – укаси, ота – боласи, қариндош – қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларимиз жадал ривожланиб бормоқда.

Яна бир муҳим томони шундаки, Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнлар­нинг фаол иштирокчисига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Маълумки, ушбу давр – «Янги Ўзбекистон», «Ўзбекистон тараққиёти­нинг янги босқичи» деган номлар билан Ватанимиз тарихида, жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларимиз силсиласида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Бу давр – Ўзбекистонни, жамиятимиз ҳаётидаги сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларни бутунлай ўзгартирган, мамлакатимизни янги, демократик қиёфада жумлаи жаҳонга танитган даврдир.

Одатда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борганда, давлатимиз раҳбари камтарлик билан: «Биз ҳали изланишда­миз, ўрганишдамиз», деб бу йўлда олдимизда бир-биридан муҳим ва долзарб вазифалар турганини таъкидлайди. Чиндан ҳам, ҳозирги вақтда юртимизда мамлакат етакчисидан тортиб барча бўғиндаги раҳбарлар янгича шароит, янгича муҳитда ишлашга, изланиб, ўрганиб, халқ билан мунтазам мулоқот асосида фаолият юритишга интилмоқда.

Янги Ўзбекистон – «инсон қадри учун» деган эзгу ғоя амалга ошаётган ижтимоий макондир. Ижтимоий давлат барпо этишдан мақсад, биринчи навбатда, ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришишдир.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: «Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз».

Ғайратулла Шукуров,

ўз мухбиримиз.