Мутолаа завқи. Китобга меҳр қўйган киши буни яхши англайди. Онгу-шуъурини илм билан озиқлантириб борувчи китобсеварлар бу завқнинг нечоғлик азиз ва мукаррам эканлигини билишади.
Ана шундай завқдан тингловчиларни баҳраманд этиш мақсадида ИИВ Малака ошириш институтининг барча базаларида шу жумладан, Бектемир базасида ҳам “Мутолаа вақти” номи остида адабий-бадиий соатлар ташкил этилмоқда. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, адабий-бадиий соатлар ноанъанавий шаклда яъни, доимгидек махсус жиҳозланган хоналарда эмас балки, она табиат қўйнида ўтказиляпти. Тингловчилар ўзлари севган асарларни мутолаа қилиш билан бирга табиат гўзаллигидан ҳам завқ олмоқда.
– Китоб ўқиш кишига ўзгача бир завқ беради, – дейди, тингловчи Жонибек Салимов. – Инсон мутолаа қилиш орқали маънавий дунёсини, онгини бойитади.
Психологларнинг фикрича, китоб мутолаасида жойнинг ҳам аҳамияти катта экан. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, она табиат бағрида китоб билан сирлашиш инсонга янада ҳузур-ҳаловат бағишлаши, шубҳасиз.
Ўз мухбиримиз.
