Эл орасида исм жисмга, яъни феъл-атворга, ҳаттоки тақдирга таъсир қилади, деган қараш юради. Бу қанчалик ҳақиқатлигини билмадим-у, аммо қаҳрамонимизнинг ҳар ишда янгилик қилишга интилиши, ҳаётда тарози палласини доим тенг ушлашга уриниши унинг исмидан кўчган сифатлар бўлса, ажаб эмас.
Қаҳрамонимиз лейтенант Наврўзбек Хўжамуродов Бойсун туманидаги Авлод маҳалласида профилактика инспектори бўлиб фаолият юритмоқда. Бунга кўп бўлмаган бўлса-да, сўнгги икки йил ичида унинг саъй-ҳаракати билан маҳаллада бирорта ҳам жиноятчилик қайд этилмади.
– Мактабни тамомлагач, чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, имтиёз билан қайтдим, – дейди Наврўзбек Хўжамуродов. – Сўнг ИИВ Академиясига ўқишга киришга муваффақ бўлдим. Бугун профилактика инспектори бўлиб ишлаяпман. Ўз касбимни яхши кўраман.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хўжамурод бобосидан ҳалолликни, мардликни, ҳамиша тўғрисўз бўлишни ўрганган қаҳрамонимиз ҳаётда шу ақидаларга амал қилиб яшашга уринади. Бу унинг ишида, одамлар билан муомаласида яққол кўринади.
2605 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалладаги низоли оилаларни яраштириш, жанжалкаш қўшниларни муросага келтиришда ҳам унинг ҳиссаси катта. Чунки низо, келишмовчилик ҳар қандай кишини ёмон йўлга бошлаши, ғазаб отига минганда ножўя ҳаракат қилиб, бирор ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шундай оилаларни ўз кузатувига олган профилактика инспектори шу йилнинг ўзида тазйиққа учраган 4 нафар аёлга ҳимоя ордери берилишига кўмаклашди. Пробасия ҳисобида турадиган шахсни ҳудуддаги фермер хўжалигига ишга жойлаштирди.
Табиатан тартиб-интизомни яхши кўрадиган Наврўзбекнинг кичик бўлса-да, ютуқлари ҳам йўқ эмас. Мисол учун, ўтган йили жанговар, жисмоний ва маънавий тайёргарлик бўйича ҳамкасбларига нисбатан яхши натижа кўрсатгани учун туман ИИБ бошлиғи томонидан алоҳида рағбатлантирилди. Бу йил эса хизмат интизомига қатъий риоя қилиб, хизмат ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олишда ўрнак кўрсатгани учун ота-онасига ташаккурнома берилди.
– Ҳар куни камида ўнта хонадонга кираман ва фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлишга интиламан, – дейди қаҳрамонимиз. – Шу жараёнда турли одамларни учратаман, уларнинг феъл-атвори, психологиясини кузатаман, одамлар билан қандай муомала қилиш кераклигини ўрганаман. Шуларнинг барчасидан ўзимга ҳаётий хулосалар чиқаришга ҳаракат қиламан. Зеро, ҳаётдаги ҳар бир ҳолат, ҳар бир воқеанинг замирида биз ўрганишимиз лозим бўлган илм ётишига ишонаман.
Ҳа, илм ва изланишда чегара йўқ. Баҳона ҳам. Қаэрда яшамайлик, қандай вазифада ишламайлик, ҳар кундан ва биз дуч келадиган ҳар кишидан сабоқ олиб яшаш – энг тўғри яшашдир. Шундагина ўтаётган вақтимиз ҳам беҳуда кетмайди.
Бугун ана шундай ҳаётий ақидага таяниб иш кўрадиган ёш ходим – лейтенант Наврўзбек Хўжамуродовнинг олдинда режалари кўп. Демак, унинг қалби уйғоқ, хизмат фаолиятида нимадир янгилик қилишга, одамларга, жамиятда нафи тегишига иштиёқманд.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
«Постда» мухбири.
Сурхондарё вилояти.
