Она тилим – жон-у дилим
Яқинда Германияда яшаётган қизиникида бир муддат меҳмон бўлиб келган акамиздан сафар таассуротларини сўраганимизда шундай деди:
– Немис ўқитувчилари ҳаёт тарзи ҳақида гапирар экан, улар четдан бориб ишлаётганларга: «Сизлар фарзандларингиз билан уйда бемалол ўз тилингизда гаплашаверинг, аммо немис тилини болангизга биз, ўзимиз ўргатамиз», – дер экан.
Аввалига ҳайрон бўлдик, дейди қизим. Кейин бунинг сабаби нимада, деб сўрабди.
«Сизлар тилимизни билганингиз билан сўзларни нотўғри талаффуз қилишларингиз мумкин. Натижада айрим сўзларнинг маъноси ўзгаради. Ўзгармаган тақдирда ҳам, бола нотўғри талаффузга одатланиб қолади ва тилимизни бузиб гапирадиган бўлади», – дебди.
Очиғи, қойил қолдим. Мана ўз она тили учун фидойилик. Оддий немис ўқитувчисининг тил софлиги учун жон куйдиришини қаранг. Бизда-чи? Афсуски, биз тилимизни ҳимоя қилиш бўйича баъзи журналист ва соҳа мутахассисларининг куюнчаклик билан ёзаётган мақолаларидан бошқа нимани мисол қилиб кўрсата олишимиз мумкин?
Пойтахтми ёки вилоят марказлари кўчаларида юрган киши хорижий мамлакатга келиб қолдимми, деб ўйлаши шубҳасиз. Ўнтадан битта реклама ўзбекча бўлмаса, қолганлари бошқа тилларда ёзилган. Ўзаро мулоқотларимиз эса кўп ҳолларда шевада. Буям майли. Ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларнинг ғиж-ғиж хатолигидан буларни саводи борми ўзи, деган ўйга борасан. Энг ёмони эса ўз тилимизни фарзандларимизга ўзимиз таржима қилиб берадиган даражага етиб келдик.
Устига-устак, марказий телевидениенинг расмий каналларидаям хатолар тез-тез кўзга ташланаётгани бор гап. Айрим сухандонлар соф адабий тилда сўзлай олмайди. Ваҳоланки, газета, журнал, радио ва телевидение ўзбек адабий тилининг бош тарғиботчиси ҳисобланади. Ҳали-ҳануз ёшлар улардан улги, ибрат олади. Ёзган сўзларини босма нашрларда ёзилганига солиштириб тўғрилашади. Бундан 30–35-йиллар олдин бутун бошли газетада 2 ёки 3 та орфографик хато ўца, навбатчи ва масъуллар жазога тортилганини биз яхши эслаймиз.
Афсуски, бугун ундай эмас. Айниқса, телебошловчи ва радиосухандонларнинг кўпчилиги урғудан деярли фойдаланишмай қўйишди. Натижада гапдаги жумла мазмуни тушунарсиз бўлиб қолаётгани сир эмас. Баъзи театр актёрлари бошловчилик қилаётган кўрсатувларда «кўча сўзлари» ишлатилаётгани ачинарли ҳолдир.
Айниқса, ахборотни телетомошабин ёки радиотингловчига етказишда матннинг тил қоидаларига тўлақонли риоя қилинмаган ҳолда тузилиши, гап маъносини кескин ўзгартириб юборяпти, тўғрини ўғрига айлантириб қўймоқда.
Масалан, яқинда «Ахборот-24»да бир хабар қуйидаги тарзда мазмунан нотўғри узатилди: «Фарғона вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида халқаро миқёсда жуда катта пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди».
Эшитган шунчаки «Ҳа, бир жиноий гуруҳ фош этилибди-да», деб қўйиши мумкин. Аммо тил қоидаларини билувчилар ва мутахассислар «Тавба, наҳотки ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноятчиларга қўшилиб улар билан бирга жиноят содир этишган бўлса-я?!», деган фикрга бориши ва бундан таажжубланиши тайин. Бу тўғрини ўғрига айлантириш эмасми?!
Чунки, аслида гап қуйидагича тузилиши керак эди: «Фарғонада халқаро миқёсда жуда катта миқдорда пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида фош этилди».
Шунинг учун биз тилга эътиборни немислар сингари мактабдан бошлашимиз керак. Қолаверса, газета, журнал ва китобларда жумлалар нотўғри тузилса, саводхонлик борасида аксил тарғибот бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Хусусий каналларда-ку, ҳар ким хоҳлаган шевасида гапириши одамлар ғашига тегаётгани сир эмас. Айниқса, сериаллар шунчалик шевалашиб кетди-ки, улардан айрим сўзларни тушуниб бўлмай қолди. Махсус кўрсатувларда айрим бошловчилар русча аралаш сўзлаяпти. Уларнинг фикрларида мантиқ, бир-бирига боғлиқлик йўқ.
Бир вақтлар таниқли журналист (раҳматли) Маҳмуд Саъдий ёқилғи мойлаш материаллари билан ёнилғи мойлаш материаллари ўртасида катта фарқ бор, деб куюнган эди. Бугун булар ҳақида гапирилмай ҳам қўйди. Эътиборсизлигимиз туфайли «бежиз» «бежизга», «тили» «тилиси», «лицейи» «лицейси», «ўқилган» «ўқилинган» ҳамда «туғилган» «тўғилган» тарзида талаффуз қилиняпти.
Бир поликлиникада кўрдим: «Коррупсия бурчаги» деб ёзиб қўйибди. Тўғрини ўғрига айлантириш мана шу ёзувда ҳам ўз аксини топган, шекилли. Бу ёзувдан «Шу жойда коррупсия билан шуғулланиш керак», деган маъно чиқмайдими?..
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
журналист.
