Бу иштиёқ ва интилиш Фарҳодни Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факултетига етаклагани айни ҳақиқат. Кечки бўлимда ўқиш билан бирга, жонажон ишхонасида фаолиятини давом эттирди. Ўқиш давомида Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Омонулла Мадаев, Ботир Норбоев, Карим Назаров каби устозлардан таҳсил олиб, адабиёт ва ижод оламига шўнғиди. Бир-иккита кичик-кичик машқлари газета-журналларда чоп этилди.

Йигитлик бурчини ўтаб бўлгач, яна нашриётга қайтди. Буни қарангки, шу пайтда фаолияти тамоман бошқа соҳа билан боғланди. Дастлабки хизматини Тошкент шаҳар Ииббда бошлаб, кейинчалик вазирликда тезкор ходим сифатида фаолиятини давом эттирди. Ўттиз йил мобайнида соҳада фидойиларча хизмат қилиб, «Жасорат» медали билан тақдирланди. 

Полковник унвонида пенсияга чиққан лавҳамиз қаҳрамони турмуш ўртоғи Тамара опа билан уч қизни тарбиялаб, вояга етказди. Ҳозирда набиралари оғушида пири бадавлат бобо ва буви бўлиб умргузаронлик қилишмоқда. 

Ф. Мухамеджонов бу йил муборак 70 ёшни қарши олди. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ Фахрийлар кенгаши аъзоси сифатида ходимлар ва ёшларга ўзининг тажрибасини ўргатиб, ўгит ва маслаҳатларини бериб келмоқда. 

У соҳада хизмат олиб бориш баробарида ҳам, вақт топиб, ижод қиларди. Пенсияга чиққанидан сўнг имкониятлари кенгайиб, янада кўпроқ шеър ёзишга киришди. Келгусида шеърларини китоб ҳолида чоп этиш ниятида. Ф. Мухамеджонов қаламига мансуб ижод намуналари орасида 1930-йилнинг 17-августида Ўзбекистон пойтахти Самарқанд шаҳридан Тошкентга кўчирилгани ва бунга 94 йил тўлгани муносабати билан ёзилган шеъри эътиборимизни тортди. Буни сизга ҳам илиндик.

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.


ТОШКЕНТ ВАСФИ

Юксак туйғу, ифтихор билан

Табриклайман улуғ айёминг.

Ахир, нечун суюнмай, Ватан,

Қад кўтарса Хасти Имоминг.


Абул Фидо, араб олими,

«Осиёда тенгги йўқ», деди.

Ҳатто ўша шўро золими, 

Бузолмасдан армонда эди.


«Мўйи Мубор» – билимнинг кони,

Унда тўла қадим китоблар.

Унда фақат Усмон Қуръони,

Санасангиз, етмас ҳисоблар.


Кўхақийнинг тарих китоби –

Тарихингдан бир парча, холос.

Восифийнинг қилган таърифи

Жамолингга қилинган ихлос.


Дунё ҳайрон сополларингга,

Араблардан, Мақдисий яна

Тенги йўқ деб, кулолларингга,

Ёзиб кетди тарихга, ана…


Ҳар кун туриб эрта саҳарда, 

Яратгандан тинчлик сўрайман.

Завққа тўлиб, Эски шаҳарда

Кўркинг чизиб, гулга ўрайман.


Фарҳод МУХАМЕДЖОНОВ,

истеъфодаги полковник.