Бир куни устоз шогирдларидан сўради:
– Нега одамлар жанжаллашиб қолганида бир-бирига бақиради?
– Ҳойнаҳой, жаҳли чиқиб, ўзини йўқотиб қўйгани учун бақирса керак, – деди шогирдларидан бири.
– Ахир, ҳамсуҳбати ёнгинасида-ку, овозини кўтармаса ҳам эшитади-ку.
Шогирдлар нима деб жавоб беришни билмай елка қисишди. Шунда устоз тушунтирди:
– Одамлар ўзаро жанжаллашиб, бир-бирридан норози бўлганида, юраклари, руҳлари узоқлашади. Шунинг учун улар овозим ҳамсуҳбатимнинг руҳига, юрагига етиб борсин деб овозини кўтаради. Бир-бирларидан қанчалик кўпроқ жаҳли чиқса, шунча баланд овозда бақиришади. Ҳеч севишганларнинг ўзаро суҳбатига эътибор берганмисиз? Улар паст овозда, ҳатто пичирлаб гаплашишади. Баъзан сўзга ҳам ҳожат қолмайди. Юракларидагини кўзлари сўзлайди. Чунки юраклари яқин, шундоқ ёнма-ён бўлади-да. Ёдингизда бўлсинки, ўзаро жанжаллар сизларни бир-бирингиздан узоқлаштириб бораверади. Охир-оқибат шунчалик узоқлашасизларки, ортга қайтиш йўлини топа олмайсизлар.
Шогирдлар устознинг сўзларидан кейин узоқ ўйланиб қолишди. Биз ҳам шу ўринда ўйга толсак, фойдадан холи бўлмасди...
Азамат ПИРНИЯЗОВ таржимаси.