Маълумот ўрнида: ўзбек киносининг олтин фондидан жой олган «Келинлар қўзғолони» филми 1984–1985-йилларда суратга олинган. Филм комедия жанрида бўлиб, Фармонбиби ва унинг етти келини ҳақида ҳикоя қилади. «Келинлар қўзғолони» Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад асари асосида яратилган. Филм режиссёри – Мелис Абзалов.
«Келинлар қўзғолони» филмининг суратга олинганига бу йил роппа-роса 40 йил тўлади. Барчанинг севимли киноасарига айланган ушбу филмнинг яратилиш тарихи ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий. Одатда бундай кучли филмларнинг тасвирга олиш жараёнларини ҳам тасвирга олинса, рости яна бир ажойиб ҳужжатли филм яратилиши аниқ.
Қуйида филмда иштирок этган таниқли киноактёрларимиз, санъатимиз афсоналарининг тасвирга олиш жараёнларидаги «саргузашт»лари билан танишасиз. Таассуфки, улар бугун орамизда йўқ. Аммо ўлмас ижодлари, яратиб кетган тарихий ва ҳаётий образлари билан бугунги ёш авлодларнинг ҳам қалбини забт этишига ишончимиз комил.
МЕЛИС АБЗАЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, режиссёр:
– «Келинлар қўзғолони»ни суратга олишга тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам кўп бўлди. Филм саҳна асарини бузиб қўйиши, унинг мавқеига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам тортишувлар бўлди. Аммо барчасига сабр қилиб, иш бошладик.
Спектаклда янги келинни ўйнаган Дилбар Икромовани Сотти ролига кўндириш осон кечмади. Якунда эса барчаси ажойиб тугади. Фармонбибини эса яна Зайнаб Садриевага беришни хоҳлашди. Лекин филм ва театрда қўйилган «Келинлар қўзғолони» фарқланиб туриши учун ҳам қайнона ролига Турсуной Жафаровани танлаганмиз.
ОБИД ЮНУСОВ,
Ўзбекистон халқ артисти:
– Касбига садоқатли, ҳалол милиция ходими ролини ўйнаганман. Ойисига гап қайтарган камдан-кам ўғилларнинг бириман. Албатта ҳазил. «Нима десангиз хўп дейман, аммо бунисига йўқ дейман, ойижон» деган сўзларим халқ орасида оммалашиб кетганидан хурсанд бўламан…
«Сёмка»да бизга шўрва керак бўлиб қолди. Ўчоқда шўрва қайнаб турганда, мен оловни тўғрилайман деб, шўрвани қозони билан ағдариб юбордим. Бир неча соат шўрва қидириб сарсон бўлганмиз. Тополмагач, қозон тагида қолган озгина шўрвага сув қўшиб, қайнатиб кўрсатганмиз.
КЛАРА ЖАЛИЛОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Бир сафар «сёмка»га кечикиб борганман. Нима қилай, бешиктўй чиқиб қолди-да. Иккита сумкани тўлдириб кино майдончасига келганимда, роса гап эшитганман. Аммо ҳамкасбларимнинг ҳаммаси бағрикенг инсонлар эди, дарровда кечириб қўяқолишди.
ДИЛБАР ИКРОМОВА,
Ўзбекистон халқ артисти:
– «Келинлар қўзғолони» комедия жанрида бўлгани билан ишимизга жуда жиддий қараганмиз. Соттини маза қилиб ўйнаганман. Шу ролимдан сўнг бошқа режиссёрлардан таклифлар кўпайиб кетди. Шпионлигим мени танитди, десам ҳам тўғри бўлади. Айниқса, чўмич ўйнатишимни, «ўчир-ўчир» гапимни кўп эслаб, кулишади. Суратга олиш ишлари тугаганидан сўнг худди бир нарсамизни йўқотиб қўйгандек бўлдик.
