Маънавият ва маърифат дарси

Бутун ҳаётини мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга бағишлаган ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти халқимиз кўз ўнгида кечади. Давлатимиз ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти олиб бораётган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда одамлар ички ишлар органлари ходимлари қиёфасида ўзларининг яқин кўмакчисини кўра бошлади. Аҳоли ўзининг қувончу ташвишлари, ўй-фикрлари, мавжуд муаммолари тўғрисида куннинг исталган вақтида осойишталик посбонларига мурожаат этаётгани ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётгани натижасидир. 

Одамлар ички ишлар органи ходимига бирор масалада ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилар экан, ходим қатъиятли ва ўзига ишонч билан дадил гапириши зарур. Аниқ ва лўнда жавоб бериш орқали фуқарода бошқа саволга ҳожат қолмаслиги керак. Бунинг учун, биринчи навбатда, ундан ҳуқуқий саводхонлик ва нотиқлик талаб этилади. Шуни эътиборга олиб, вазирлик раҳбарияти Маънавият ва маърифат дарслари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувларда ходимларнинг билим савияси, шунингдек, уларда нотиқлик маҳоратини оширишга алоҳида эътибор бериб келяпти.

Ходимларнинг хизмат фаолиятида ҳар хил ҳолатлар юз бериши мумкин. Осойишталик посбонлари ҳар куни турли характердаги инсонлар билан муомала қилишларига тўғри келади. Шунинг учун юксак билим ва нотиқлик бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этяпти. Ходимларга ўтилаётган турли машғулотларда қийин вазиятларда ўзини қандай тутиш, жиноятчилар билан гаплашаётганда сўзнинг таъсирчанлигини оширишда нималарга аҳамият қаратиш зарурлиги бўйича мутахассислар томонидан зурур тавсиялар бериб борилаётгани ижобий самарасини намоён этмоқда. 

Маълумки, ички ишлар органлари ва бошқа жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида ўқувчилар билан олиб борилаётган учрашувлар нотиқлар зиммасига улкан масъулият юклайди, аниқроғи, мавзуга оид чуқур билим талаб этади. Нотиқ маълум бир жиноят тури ҳақида сўз юритаркан, жиноятчига уни содир этганлиги учун қандайдир жазо тайинланганини шунчаки қоғозга қараб айтиб ўца, аудиторияда таъсир кучи жуда кам бўлади. 

Нотиқ, аввало, оилада ота-онанинг ўрни, фарзандларнинг оилада бажариши лозим бўлган вазифалари, уларнинг турли ҳою-ҳаваслардан ўзини тийиши, ота-она фақатгина таъминотчи эмас, балки энг яқин дўст, сирдош эканлигини ҳаётий, жонли мисоллар орқали тушунтириши лозим. Ўз навбатида, сўзнинг қудратига таянган ҳолда, ҳар бир инсоннинг саводли бўлиб, оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратиши ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнатлари маҳсули эканлигини уларнинг ҳис қила олишига эришиши лозим. Ҳар бир айтган сўзи қалб қўридан чиқиши зарур, зеро, ҳиссиз гаплар ҳеч кимни таъсирлантирмайди. 

Нотиқлик ва юксак билим, муомала маданиятига риоя этиш ходимларнинг кундалик фаолиятида жуда асқатади. Зеро, нотиқлик санъатидан фойдаланиш орқали мақсадга эришилади. Бунинг учун эса чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера олиш, нотиқлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини эгаллаш лозим. 

Ҳар йили мунтазам равишда деярли барча вазирлик ва қўмиталар тизимида маънавият йўналиши бўйича ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси» республика кўрик-танлови ҳам моҳият эътибори билан аҳамиятлидир. Танлов иштирокчилари ўз чиқишларида нутқининг таъсирчан, мазмунли ва жозибадор чиқиши учун аудио ва видео техника воситаларидан, турли кўргазмали қуроллардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ бўлмоқда. Улар кўтарган мавзулар долзарблиги билан ажралиб туради. «Аср вабоси» дея эътироф этилган миллат танламас иллатлар: гиёҳвандлик, терроризм, экстремизм, ОИЦ ва одам савдоси мавзуларида ўз мулоҳазаларини етказиш усуллари тарғиботчиларда йилдан-йилга шаклланиб боряпти. 

Нотиқлик санъати бу фақат тилшунослик фани объэкти эмас, у мантиқ, руҳияцҳунослик, этика, эстетика, поэтика, фалсафа, тафаккур, жамияцҳунослик, сиёсацҳунослик, давлацҳунослик илми ҳамдир. Шундай экан, масала моҳиятини теран англаган ҳолда, тажрибали воизларни жамлаб нотиқлик санъатини ўргатишга қаратилган махсус ўқув муассасаларини ташкил этиш давр талабидир. Ана шу маънавий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, «Нотиқлик санъати академияси» нодавлат таълим муассасаси ташкил этилди. Мазкур муассасада мулоқот ва муомала сирларини, нутқий маҳорат асрорларини билишга, эгаллашга интилувчиларни ўқитиш бўйича кенг фаолият олиб борилмоқда. 

Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг ташаббуси билан тизимдаги бошқарма ва бўлим бошлиқларининг аксарияти «Нотиқлик маҳоратининг касбий фаолиятдаги ўрни» курси бўйича 36 соатлик ўқув дастурини 2019 йили муваффақиятли ўқиб тамомлашган. Пандемия сабаб ушбу ҳамкорлик маълум бир муддат тўхтаб қолган эди. Машғулотларнинг иккинчи босқичи яқин кунларда ўз ишини бошлаши бўйича тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.

Машғулотнинг асосий мақсади ва вазифалари омма олдида нутқ сўзлаш, фикрни эркин баён этиш, мулоқот ва муомала маданиятини ривожлантириш, мажлис ва турли хилдаги анжуманларни бошқариш, ҳар хил тадбир ва маросимларда бошловчилик қилиш, китобсеварликка чорлаш, ўқиш ва уқиш сирларини ўргатиш, адабий тил меъёрларига риоя қилган ҳолда, оғзаки ва ёзма нутқ маданиятига амал қилиш кўникмасини ҳосил қилиш, минбар, микрофон ва видеокамера орқали жамоатчиликка фикр етказиш маданияти, идоравий ҳужжатлар, расмий, иш юритиш қоғозларини тўғри ёзиш ва тўлдириш қоидаларини ўргатиш, мантиқий мушоҳада юритиш ва янгича фикрлаш тарзини шакллантириш, ҳар бир ички ишлар органлари ходимида нутқ маҳорати ва нотиқлик санъатини такомиллаштиришдан иборатдир.

Таъкидлаб ўтганимиздек, нутқ маҳоратининг икки томони бор, бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасига амал қилишдир. Ҳар иккаласини амалда қўллаш муваффақиятнинг гарови бўлиб хизмат қилади.

Нутқ хусусиятларини билиш ва унга амал қилиш қоидаларини эгаллаш айни кунларда муҳим ва долзарб масаладир. Қонун, қарор, фармон, фармойиш, жиноят кодексларининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш асносида кенг жамоатчиликка содда ва равон тилда етказиб бера олиш бугунги ички ишлар органлари ходимининг зиммасидаги масъулиятли вазифалардан саналади. Бу ўз-ўзидан нотиқлик санъатининг юксак билим билан боғлиқлигини ҳар бир осойишталик посбони асосий қурол сифатида англаши ва амал қилиши шартлигини кўрсатади.


Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Ёзувчилар 

уюшмаси аъзоси.