Маънавият ва маърифат дарси
(27-июн — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни)
Биз оммавий ахборот воситалари ходимлари тимсолида ўзининг чуқур билим ва тажрибаси, ноёб истеъдод ва маҳоратини халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онг-у тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, глобал ахборот маконида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишдек олижаноб ишларга бағишлаган жонкуяр ва заҳматкаш инсонларни кўрамиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ахборот мамлакат тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савияси шаклланишининг асосий воситаларидан биридир. Шунинг учун ҳам ахборотга бўлган ҳаётий эҳтиёж, уни қондиришга хизмат қилувчи омилларни шакллантириш кишилик тараққиётининг ҳар бир босқичида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келган.
Оммавий ахборотнинг асосий маъносини англатувчи маълумот йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш ҳамда тезкор хабарлар ёзиб жамиятни огоҳ этувчи шахслар Амир Темур даврида ҳам бўлганлиги маълум. Бу ҳақда Соҳибқироннинг «Қиссайи Темур»ида баён этилган «Амр этдимким, ҳар сарҳад ва вилоят, лашкар ва мамлакатға бир ахборнавис (хабарлар ёзувчи, яъни мухбир) тайин этгайларким, сипоҳ ва ҳоким ва раъият ва бегона лашкар ва мол ва манолнинг мудохил ва махориж ва бегона одамлар ва карвоннинг кирмак ва чиқмоғи ва ҳамсоя подшоҳлар мамлакатининг ахбори ва аларнинг аъмоли ва афъоли ва узоқ баладалардин даргоҳимға юз қўйғон уламо ва фозил одамларнинг ишлар ва сўзларин ростлиғ ва дурустлиғ била ёзиб даргоҳға йиборгайлар», деган фикри бунинг далилидир.
Асрлар ошса-да, ахборотга бўлган талаблар деярли ўзгармаган. Аксинча, жамият ҳаётида унинг аҳамияти тобора ошиб борган ва бугунги кунга келиб, мамлакатимизнинг ривожланиш стратегиясини шакллантириш ва уни бевосита амалга оширишда катта рол ўйнамоқда. Бу эса уларнинг фуқаролик жамиятига хос асосий омиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда эркин оммавий ахборот воситалари фаолияти учун зарур бўлган ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шарт-шароитлар шаклланди. Оавни фуқаролик жамияти институти сифатида ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Диққатга сазовор муҳим томони шундаки, эркин Оавни ривожлантирмай туриб, фуқаролик жамияти қуриш ва инсон эркинлиги, ҳуқуқларини таъминлаш мумкин эмаслигини жамоатчилик англаб етди.
Республикамизда истиқомат қилаётган кўп миллатли муштарийларнинг талаб ва истаклари инобатга олинган ҳолда, босма оммавий ахборот воситалари 12 та тилда нашр этилмоқда, телевидение ва радиода ҳам бу амалиёт қўлланилмоқда, эшиттириш ва кўрсатувлар қардош халқлар тилларидан ташқари, рус, инглиз тилларида ҳам эфирга узатилиб, веб-сайтлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида фаолият юритади.
Соҳага замонавий технологиялар изчил жорий этилиши натижасида тизимга рақамли, мобил ва интернет телевидение каби мутлақо янги медиатузилмалар кириб келмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ҳамда ҳудудлардаги ИИБ ахборот хизматлари ходимлари интернет тармоғидаги веб-сайт ҳамда телеграм каналлари орқали аҳолини ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолияти ҳақида ўз вақтида ва ишончли хабардор қилиб келмоқда.
Ахборот хизматлари ходимлари мазкур йўналишдаги долзарб масалаларни аҳолига доимий равишда етказиб туриш, ички ишлар органлари фаолияти тўғрисида нотўғри ва нохолис ахборотлар тарқалишининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ вазиятларнинг тезкор ва ҳаққоний ёритилишини таъминлашда фидойилик кўрсатишмоқда. Бу борада, айниқса, Самарқанд ва Навоий вилоятлари ИИБ Ахборот хизматлари, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ахборот хизмати бошлиғи, катта лейтенант Шаҳризод Шокиров ҳамда ИИВ Академияси Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Жамшид Холовларнинг жонбозлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Веб-сайтлар сони ошиб бораётганлиги нафақат фуқароларимизнинг, балки бошқа мамлакатлар аҳолисининг ҳам республикамизда ўтказилаётган ислоҳотлар ҳақида тўла маълумотга эга бўлиши учун имкониятлар яратмоқда.
Бу мисоллар мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини либераллаштиришга оид сиёсат тизимли асосда, босқичма-босқич ва аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда амалга оширилаётганлигидан далолат беради.
Шиддат билан кечаётган ҳодиса-воқеалар оқимида катта ҳажмдаги ахборотнинг мазмунини англаш, уни тўғри талқин этиб хулосалар чиқариш ниҳоятда муҳимдир. Бу эса ахборотни танлаш, саралаш, уни тўғри идрок этиш маданиятини шакллантириш каби инсоннинг бевосита дунёқараши, салоҳияти, тажрибаси билан боғлиқ хусусиятларни камол топтириш масалаларининг долзарблигини оширади.
Айни чоғда интернетнинг миллий сегментида ўз фаолиятини юритаётган интернет нашрларида Ҳи-Теч, маданият, илм-фан, ҳордиқ, спорт, бизнес, давлат бошқаруви органлари каби йўналишларда веб-сайтлар жойлаштирилгани, янги хизмат турлари жорий этилаётгани ҳам ундан фойдаланувчилар, хусусан, ёшлар сафи кенгайишига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизда ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш механизмлари ҳам шаклланган. Мисол учун, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, порнография, шафқацизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилиши белгилаб қўйилган.
Шу асосда, ёшларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгроқ рўёбга чиқариш, уларни ахборот хуружларидан ҳимоялашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.
Хуллас, юқорида зикр этилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда Оавни барпо этилаётган фуқаролик жамияти тамойилларини қарор топтиришнинг муҳим омилларидан бирига айлантиради.
Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ,
журналист.
