Маънавият ва маърифат дарси
Инсон борки, доим ўзлигини англаш ҳаракатида. Бутун ҳаёти ўзини таниб олишга сарфланади. Негаки, ўзни топмоқ ва билмоқ оламни билмоқ ва тушунтирмоқдан мураккаброқдир. Алишер Навоий одамзот тириклигининг азалий бу чалкашлигини «Эл нетиб топғай мениким, Мен ўзимни топмамон», дея ифодалайди. Одам ўзини танишга интилиб, маънавий илдизларига бефарқ қарамагандагина баркамол шахс бўлиши ва атрофдагиларга манфаат келтириши мумкин. Қорнидан ўзга қайғуси йўқ кимсанинг нафақат ўзгалар, ҳатто ўзига ҳам фойдаси тегмайди.
Алишер Навоий ижодини бошдан-оёқ инсонга ўзлигини танитиш учун курашиш маҳсули, дейиш мумкин. Унинг катта-кичик ҳар бир асарида буюк мутафаккирнинг олам, одам ва одамийликнинг моҳияти тўғрисидаги қарашлар акс этади. Даҳо битган ҳар бир асар тирикликнинг моҳияти борасидаги шиддатли ва оғриқли ўйлар маҳсулидир. Ҳазрати Навоийнинг «Кетур соқий, ул майки, субҳи аласт...» мисраси билан бошланадиган машҳур таржиъбандида умр мазмунини топмоқчи бўлган одамнинг туйғулари акс этади.
Навоий чегара билмас олам, таърифга сиғмас даражада сиру синоатга, гўзаллигу тароватга эга дунё одам учун яратилганлигини ўз асарларида ишонарли асослаб берган мутафаккирдир. Шоир одам мартабасининг юксаклигини унинг яратилиш мантиғига таяниб изоҳлайди. Унинг талқинига кўра, одам дунё борлигининг оқибати эмас, балки олам яратилишининг сабабидир. Инсоннинг табиати, қалби, туйғулари, тафаккури барча гўзаллигу эзгуликдан шодланадиган, ҳар қандай қабоҳату иллатдан озорланадиган ҳамда озор берувчига қўли, тили ёки дили билан қаршилик қила оладиган тарзда шакллансагина, яратилишида кўзда тутилган баланд мартабага лойиқ бўлади.
Одам борлиғигини ташкил этган уч бирликка мос равишда Яратган томонидан унга жисмоний, нафсоний ва руҳоний сифатлар ҳам берилган. Бу сифатлар уйғунлиги ҳам инсонни ўз-ўзидан мукарраму мўътабар қилолмайди. Осон авжланадиган нафсоний майлларни жиловлаб, руҳоний жиҳатларни ривожлантириш учун одамга одамийлик зарур. У ўзидаги нафс хуружлари, лаззатларга майл каби ожизликларни енгиб, юксак маънавий фазилатлар эгаси бўла олсагина азизлик рутбасига кўтарилади. Демак, одам одамийлик даражасига етишиш учун ўз маънавий дунёсини поклаши керак бўлади. Бу эса осон юз берадиган кечим эмас:
Тухм ерга тушиб, чечак бўлди,
Қурт жондан кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқми?
Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?
Лола уруғи ерга тушиб, чечакка, пилла қурти жонидан кечиб, ипакка айлангани каби, одам ҳам ўз нафсини, лаззатга ўчлигини енга олса, юксалади, одамийликка эга бўлади. Ғоят мавҳум руҳий-маънавий ҳолатни бу қадар моддий қилиб тасвирлаш учун Навоийга хос доҳиёна истеъдод керак бўлади.
Ижтимоий турмушнинг ҳақиқати шундаки, одам таянадиган қадриятлар қанчалик эзгу бўлса, шунчалик умрбоқийлик касб этади. Аксинча, ўткинчи қадриятларга асосланган жамият таназзулга юз тутади. Ҳар бир алоҳида инсоннинг ҳам, ҳар қандай жамиятнинг ҳам, бутун кишиликнинг ҳам қандай хулқий сифатларга, тафаккур йўналишига эга бўлиши таяниладиган маънавий ҳадафларига боғлиқ. Қадриятлар тизимидаги эврилишлар жамиятни ўзгартириб юборади. Шунинг учун ҳам ўзини мукаррам сановчи инсон маънавий ўрнаклар тозалиги хусусида қайғуриши, ғам чекиши лозим.
Алишер Навоий одам кўнглининг ғамсизлиги нафақат унинг ўзи, балки бошқалар учун ҳам улкан дард эканини таъкидлайди. Негаки, ғам камлиги кишида бировга ҳамдардлик йўқлиги ва ўзга тақдирига лоқайдлик белгисидир. Шу боис шоир қайғуради:
Кўнгил ичра ғам камлиги асру ғамдур,
Алам йўқлиғи доғи қатиғ аламдур.
Ғамсизлик лоқайдликка, лоқайдлик кўникишга, кўникиш фаолияцизликка олиб келади. Фаолияцизлик нафақат бир кишининг, балки бутун жамиятнинг нурашига ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун шоир одамни куюнчакликка, курашларга чақиради. Унинг
Кўнглум ғам ила тўқ айла, ё раб,
Ишқ ичра мени йўқ айла, ё раб!
сатрлари ана шу чорлов ифодаси ўлароқ жаранглайди.
Ҳар қандай жамият ўз аъзоларининг хатти-ҳаракати, дунёқараши, интилиш ва яшаш тарзи муайян маънавий идеалларга мос бўлишини истайди. Чунки жамиятнинг қандайлиги ўша идеалларнинг моҳияти ва одамларнинг уларга қанчалик амал қилаётганига боғлиқ. Маънавият ўзбек учун шунчаки ахлоқий нормаларга риоя қилиш эмас, балки ҳаёт-мамот масаласидир. Амалга оширилиши кўзда тутилаётган барча ижобий ўзгаришлар олдин баркамол маънавият эгаси бўлмиш кишиларнинг кўнгил мулкига айлангандагина кутилган самарани бериши мумкин. Бунинг учун Алишер Навоий Ватанга шунчаки бошпана, яшайдиган манзил деб қарамайди, уни юрт аҳли маънавиятига кўчгандагина қиммат касб этадиган тушунча ҳисоблайди. Шоирнинг Ватан туйғуси ғоят теран ва кўп қиррали. Мутафаккир ватанни ватандошларга қарши қўймайди, юртни юрт аҳлидан ташқарида тасаввур этмайди. Унингча, ватан миллат аҳлини бахтли қилиши зарур. Шоир наздида, Ватан кўнгилдан ташқарида қолса, ватан эгалари ўз юртларида асоссиз ғам кўришлари ва унинг ўзи сингари
Навоий, ватан бўлди манзил манга,
Бу манзилдан аммо не ҳосил манга?
дея андуҳ чекишлари мумкинки, бу оғир кўргуликдир.
Навоий одамни яхшилаш учун жамиятни ўзгартириш керак, дегувчилардан фарқли ўлароқ, жамиятни яхшилаш учун инсонни ўзгартириш лозим, оламни яхшилаш одамни яхшилашдан бошланади, деб ҳисоблайди. Ҳар қандай жамият унинг аъзолари камолоти натижасида ва фуқароларнинг баркамоллиги даражасида такомиллашади деб ўргатади. Бу фалсафий қараш инсон омилини юксалтиради. Одам ўз хулқининг ҳам, ўзи яшаётган жамият маънавиятининг ҳам ижодкори ва айни шу сабабли ҳам у ўз тақдири ва замондошларининг маънавияти учун жавобгардир.
Одамнинг одамийлиги унинг ўз ҳаётигагина эмас, балки яшаётган жамият тараққиётига ҳам таъсир кўрсатар экан, у ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги керак. Ҳар бир одамда Яратган томонидан берилган асл маънавий фазилатлар билан бирга, тарбия ёрдамида шакллантириладиган ахлоқий сифатлар ҳам бўладики, жамиятнинг барча соғлом кучлари ана шу сифатларнинг имкон қадар эзгу қилиб таркиб топтирилишига йўналтирилиши зарур. Навоий тарбияни ёмондан яхши, ҳаромдан ҳалол ясаши мумкин бўлган катта маънавий қудрат, деб билади. Унинг кучидан тўғри фойдаланиш жамият аъзолари маънавиятининг юксалишига хизмат қилиши ҳақида ёзади:
Итки таалумда чу бўлди камол,
Сайд анинг оғзида ўлди ҳалол.
Бу мисраларда оғзи теккан нарса ҳаром саналиб, қатрон қилиниши керак бўлган ит тарбия кўрганлиги туфайли унинг оғзидан олинган ўлжа ҳалол ҳисоблангани каби, одам тарбия туфайли юксалиши, аксинча, тарбияга бепарволик уни одамийликдан чиқариши мумкинлиги образли акс эттирилган.
Мутафаккир юртни обод, элни шод кўришни одамийликда, деб билади. Ҳаётдаги нотўкислик ҳамда адолацизликларнинг илдизи қаердалигини астойдил излаган шоир шундай ҳаққоний хулосага келади:
То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
Бу рубоийсида шоир очкўзлик ва тўймаслик хирмонлари совурилмай, нафс ва манманлик қасри йиқилмай, зулм билан ситамнинг жонига жабр қилинмай туриб, эл шод, мамлакат обод бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлар экан, юрт аҳли, айниқса, элни бошқариш даъвосидаги амалдорларда эзгу маънавий сифатлар бўлишини орзу қилади.
Шоир миллатни камолотга олиб борадиган, ижтимоий муносабатларда адолат бўлишини таъминлайдиган одамийлик сифатларини таркиб топтиришда ҳушёр бўлишга ундайди. Дарҳақиқат, миллий маънавият миллий қиёфа ва миллий табиатнинг қандайлигини белгилайди. Миллий маънавият унсурлари чуқур этник ва ҳаётий асосларга эга бўлгандагина эзгулик касб этади. Шу боис миллий маънавият учун асос қилиб олинадиган ахлоқий сифатлар тизимини танлашда хотиржамлик қилиб бўлмайди.
Жамият аъзоларининг маънавиятини белгиловчи ўлчовлар миллат руҳияти, унинг фикрлаш ва яшаш тарзига мувофиқ келувчи мустаҳкам фалсафий-ахлоқий пойдевор устига қурилгандагина юртнинг тараққиёти таъмин этилиши мумкин. Алишер Навоийнинг асарлари ҳеч туганмас, олингани сари бойлиги ортиб борадиган маънавий хазинадир.
Маънавият ўзини таниш, ўзини ўзгалар назари билан, ўзгаларни эса ўз назари билан тафтиш қила билиш демакдир. Ҳар бир алоҳида шахс ва бутун жамиятнинг кучи фуқаролар маънавиятини соғлом асосларда шакллантиришга йўналтирилиши керак. Шахснинг маънавий комиллиги жамиятнинг одиллигига, жамиятнинг одиллиги маънавиятнинг юксаклигига, маънавиятнинг юксаклиги эса шахс камолотига таъсир ўтказаверади. Шахс, жамият ва маънавиятнинг ўзаро уйғунлиги, шу тариқа, инсоният тараққиётининг асосий омили бўлиб қолаверади. Бу жабҳада буюк Навоийнинг битганлари тенгсиз бир қуролдирки, ундан тўғри фойдаланиш улкан маънавий ғалабаларга гаров бўлади. Бунинг учун элнинг асл фарзандлари ғафлатни тарк этишлари жоиз. Зеро, Навоий бежиз:
Беишқ улусқа ком уйқу,
Ишқ аҳлигадир ҳаром уйқу,
демаган. Чиндан ҳам кўнгли юксак туйғуларга ёт кимсалар учун уйқу мақсад, ҳаловат, орзу бўлса, қалби ҳақ ва халқ ишқи, ҳақиқат ва адолат севгиси билан тўла инсонлар учун ҳаромдир. Ҳазратнинг маънавий уйғоқлик йўлидаги чорлови кўпчиликни уйғотишига ишонамиз.
Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,
филология фанлари доктори,
профессор.
