Оила жамиятнинг асосий бўғинидир. Уни асраб-авайлаш миллат манфаатига хизмат қилади. Шу боис ҳам мамлакатимизда оила аталмиш муқаддас даргоҳни мустаҳкамлашга, ёш оилаларни доимо қўллаб- қувватлашга қаратилган изчил сиёсат олиб борилади, маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллаштирилади.
ИИВ ҳузуридаги Жиэдда бўлиб ўтган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси ҳам “Мустаҳкам оила — жамият кўрки” мавзусида бўлди. Тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Саидафзал Саиджалолов ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Олимжон ота” жоме масжиди имом хатиби Элёр Эрпўлатов таклиф этилди.
Улар оила муқаддаслиги, динимизда эр-хотиннинг бир-бири олдидаги бурчлари, фарзанд тарбиясида аҳамият бериш лозим бўлган долзарб масалалар ҳақида батафсил тушунчалар беришди. Мавзуга доир оят ва ҳадислардан, ривоятлардан мисоллар келтиришди. Шу билан бирга, бугунги кунда айрим хорижий давлатларда содир бўлаётган нотинчликлар, ижтимоий тармоқларда шу муносабати билан билдирилаётган муносабатлар ҳам муҳокама қилинди. Юртимиз тинчлигини доимо асраб-авайлаш, осойишта кунларга шукроналар келтириб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиз экани қайд этилди. Бу йўлда жамиятнинг аасосий таянчи бўлган оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, фарзандларнинг таълим-тарбиясига жиддий эътибор бериш энг самарали усул эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Иномжон РАҲИМХЎЖАЭВ,
катта лейтенант
