Маънавият ва маърифат дарси

Шундай бир сўз борки, уни эши­тишимиз ҳамоно юрагимиз ҳаприқади, руҳимизга нур сингади. Бу муқаддас «Ватан» сўзидир. Ўзбекистон – ўхшаши йўқ бўстон. Бу диёрнинг суви зилол, ҳавоси шифобахш, табиати гўзал, мафтункор, боғлари серҳосил, далалари унумдор, тоғлари виқорли, дарёлари жўшқин, қир-адирлари поёнсиз, шаҳарлари ҳузурбахш, қишлоқлари оромбахш.

Мусофирлик заҳматини тортмаган одам юрт қадрини ҳис этмайди. Ўз мамлакатидаги ижобий ўзга­ришларга бепарво, ўзга юртларга маҳлиё бўлиб яшаган одам эса ношукурлик дардига мубтало бўлади. Аслида Ватанига меҳр-муҳаббат қўйиб, унинг тупроғини кўзга суртиб, бетакрор табиатига маҳлиё бўлиб, ободлигидан фахрга тўлиб яшаган инсонгина бахтлидир. Юртимизда бундай инсонлар жуда кўп. Шоир айтганидек:

 

Бу кўнгил Ватан дер,

 кўзимда Ватан,

Неча боқмасин кўз,

яна Ватан дер.

Қалбимнинг энг чуқур

 ерида ётган

Муқаддас, муқаддам

сўзим Ватандир.

 

Ватан бола учун уйининг остонасидан, туғилиб ўсган қишлоғи, маҳалласи, шаҳридан бошланади. Кейин киши улғайгани сайин Ватан тушунчаси ҳам кенгайиб боради. Бугунги кунда Она сайёрамиз инсоният учун ягона Ватандир. Уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳаёт-мамот масаласига айланиб бораётганлигини барчамиз сезиб, ҳис қилиб турибмиз. Аммо ўзининг кичик Ватанини севмаган, миллатининг қадрига етмаган инсон ўзганинг ҳам, башариятнинг ҳам, куррайи замин ободлигининг ҳам қадрига етишига ишониш қийин. Ватанга муҳаббат аждодлар меросига қизиқиш, миллий маънавиятдан баҳрамандлик, ўз шахсий салоҳиятига ишонч, умумбашариятга ҳурмат, келажак олдида масъуллик туйғуларини тарбиялайди. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий имон Ватанга меҳрдан, мамлакат ва халқ олдидаги юксак масъулият ҳиссидан бошланади.

Маълумки, инсон ўзга юртда ҳам бир бурда нонини топиб, қорнини тўйғазиши, ҳатто бой-бадавлат бўлиши мумкин. Лекин бошқа мамлакат Ватаннинг ўрнини боса олмайди. Биз учун Ватан ягона. Шу боис ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди, инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Бежиз Навоий бобомиз қуйидаги сатрларни битмаганлар:

 

Ватан таркин бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.

 

Ватан соғинчи буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўнглидаги энг оғриқли дард эди. Ўзга юртда тахт устида ўтириб, улуғ салтанатга эгалик қилиб ҳам мусофирчиликдан алам чекиб, дардини шундай баён этади:

 

Ёд этмас эмиш кишини

ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни

меҳнатда киши.

Кўнглум бу ғариблиқда

шод ўлмади, оҳ,

Ғурбат-ла севинмас эмиш,

албатта, киши.

 

Ҳақиқий ватанпарвар инсон эл-юртнинг озодлиги, мустақиллиги йўлида ҳеч нарсани, ҳатто жонини ҳам аямайди.

Дунё халқлари азалдан ўз юртини ниҳоятда азиз ва муқаддас деб билган. Айниқса, Шарқ халқлари учун она диёри мўтабар маскан ҳисобланган. Хусусан, буюк аждодларимиздан қолган табаррук битикларда шундай сўзларни ўқиймиз: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Демак, инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни Ватанини ҳимоя қи­лишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам, қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч-фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшишга ундаши лозим.

Халқимиз тинчликни юксак қадр­лайди, уни орзу-интилишлари, эзгу ниятлари рўёбга чиқишининг муҳим кафолати, деб билади. Шу маънода, дунёнинг турли минтақаларида талотўплар, хунрезликлар авж олаётган ҳозирги қийин ва ўта мураккаб бир даврда мамлакатимиз сарҳадларини кун-у тун ҳимоя қилаётган, юрт осойишталигига масъул инсонлар фидойиларча хизмат қилишаётганини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Негаки, Ватан ҳимояси ҳам унга содиқликнинг бир кўринишидир.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб вазифа ҳисобланади. Мардлик, жасорат, ор-номус ва диёнат каби фазилатлар азалдан халқимиз маънавиятининг ажралмас қисмига айланган. Ватанимиз мадҳияси янграса, юрагимиз жўшиб кетади, кўзимизда ёш қалқийди. Лекин Ватан фақат яхши кунларда, ютуқларга эришганда фахрланадиган, сўнг унутиладиган хилқат эмас.

Ватанни ҳимоя қилиш – инсоннинг ўз уйини, оиласини, севимли ёри ва болаларини, яқинларини, ота-боболарининг табаррук хоки ётган муқаддас тупроқни ҳимоя қилиш, дегани. Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда миллий армиямизда қадрият ва анъаналаримизга хос соғлом маънавий муҳит яратилди. Бугун Ватан ҳимоячиси, деган номга муяссар бўлиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак шарафга айланди. Албатта, Ватанни севиш учун жон фидолик шарт эмас. Ўзимизнинг ақл-заковатимиз, ҳаракатимиз билан ҳам юрт равнақига ҳисса қўшишимиз, ҳақиқий жонкуяр бўлишимиз мумкин.

Аслини олганда, ватанпарварлик туйғуси бизга бегона эмас. Муқаддас заминимиз Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек кўплаб буюк ватанпарвар фарзандлари билан тарих саҳнида ўз ўрнини топгани бунга бир мисолдир. «Ватан ягонадир, Ватан биттадир!» деган ғояни шу мўтабар заминимизда яшаётган ҳар қайси инсоннинг онги ва тафаккурига сингдириш энг устувор мақсаддир. Шундай азиз Ватанни севмаслик, соғинмаслик, қадрламаслик, муқаддас деб билмаслик, унинг шаъни-шавкати, эртаси ва келажаги учун курашмаслик асло мумкин эмас.

Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси жўш уриб туриши керак. Зеро, муқаддас Ватанимизни севмоқ, равнақи йўлида фидойи бўлмоқ, унинг тинчлигини ҳимоя қилиш ва асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

маёр.