Ўқув йили бошланди. Эрта тонгдан қўлларимизда гул, қалбимизда ҳаяжон билан мактабга ошиқдик. Бугун ўғлим илк бора илм-маърифат остонасига қадам қўйди. Бу биз учун ҳам мароқли, ҳам масъулиятли эди.
Мактаб болажонларни қучоқ очиб кутиб олди. Жонажон партасини соғинган ўқувчиларнинг беғубор кўзлари ҳайрат ва қувончга тўла. Ниҳоят, биринчи қўнғироқ садолари янгради. Болажонларга ўқув-анжомларга тўла “Президент совғаси” топширилди. Ўқув йилининг илк кунидаёқ, ушбу ажойиб совғани қўлга киритган фарзандларимиз, албатта, ўқишни аъло кайфият ила бошлаб, аъло баҳоларга ўқишга интилади.
Дарҳақиқат, мактаб – илм-маърифат маскани. Маънавият бешиги саналади. Бу даргоҳда минглаб олим-у донишмандлар тарбия топган. Илм-фан сирларларини мукаммал ўрганиб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашган. Ҳозир мамлакатимизда таълим-тарбия катта эътибор қаратилмоқда. Янги ўқув йилига қабул қилинган болаларга омад кулиб боқди. Қандай қилиб дейсизми? Улар илк ўқув машғулотларини янги яратилган замонавий дарсликлар билан бошлашди. Унда ўқувчиларнинг танқидий фикрлаши, мустақил фикрини эркин баён эта олишига кўпроқ аҳамият берилади. Энг қувонарлиси, бу йилдан биринчи синфларда ахборот технологиялари сабоғи ўргатилади. Кутубхоналар, спорт майдонлари, ошхоналар янгиланган.
2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги тўртинчи устувор йўналишнинг айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилгани бежиз эмас. Энг муҳими, таълим сифатини ошириш борасидаги бугунги ишлар келажагимизни белгилайди. Ўғлимнинг келажагидан кўнглим тўқ!
Зеро, кўнгил хотиржамлиги биз ота-оналар кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшади. Фарзандларимизга берилаётган шундай эътибордан қалбимизда мамнуният ҳисси ортади. Шу Ватан, шу халқ учун садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч ҳам толмаймиз!
Мадина ҚАҲҲОРОВА,
Ўз мухбиримиз.
