Бухоро вилоятида “27-июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” кенг нишонланди. Сана муносабати билан Бухоро шаҳридаги “Рудизар” тантаналар саройида ташкил этилган байрам тадбирида оммавий ахборот воситалари ходимлари, нашриёт ва матбаа соҳаси вакиллари, фахрий журналистлар, матбуот котиблари ва блогерлар иштирок этишди. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари М.Ҳамроев вилоят ҳокимининг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириб, кейинги йилларда очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш, қулай иш шароитлари яратиш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳамда бу борада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар мазмун-моҳиятини халқимизга тезкор, холис етказишда соҳа ходимларининг алоҳида хизматлари борлигини таъкидлади.
Тантанали тадбирда аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, вилоятимиздаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини матбуотда фаол тарғиб этилишда беназир ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари, жумладан, вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати техниги, сафдор Йигитали Қобилов ҳам Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, алоҳида эътироф этилди.
Асосий байрам тадбири давомида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Миржамол Миралимовнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, 3-сектор масъуллари томонидан вилоят ИИБ билан узвий ҳамкорлик қилиб, соҳага алоқадор ва ички ишлар органлари ходимларининг имижини оширишга доир маълумотларни холис ва тезкор тарқатишда яқиндан кўмаклашиб келаётган бир гуруҳ давлат, нодавлат нотижорат ташкилотларининг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Шуҳрат ЖАЛОЛОВ,
подполковник.
Бухоро вилояти.
