Бир киши саҳар вақтида уйдан чиқиб кетди ва ҳаммомга бормоқчи бўлди. Ўз дўстларидан бирига: “Мен билан ҳамроҳ бўлиб, ҳаммомга боргил”, деди. У эса: “Сен билан бирга бораман-у, аммо ҳаммомга тушмайман, чунки менинг бир зарур ишим бор”, деб айтди. У киши ҳамроҳи билан ҳаммом томонга қараб кетди. Икки йўл кетган жойга бориб, ҳаммомга борувчи дўстига билдирмасдан бошқа йўлга кирди. Ҳамроҳи ёлғиз ўзи ҳаммомга кетаверди ва дўстим билан келаётирман деб ўйлаб бораверди. Иттифоқо, бир ўғри у кишининг изидан кетаверди, у киши буни дўстим деб фаҳмлади ва унинг қўйнида юз тилласи бор эди. Ҳаммомнинг эшигида тиллани қўйнидан чиқариб, тонг қоронғисида танимай ҳалиги тиллани ўғрига берди ва деди: “Эй биродар, мен ҳаммомга кириб чиққунча бу тилла сенда омонат турсин, ҳаммомдан чиққанимдан кейин менга топширасан”. Ўғри тиллани олиб, ўша жойда ўтирди. У киши ҳаммомдан чиқиб, кийимларини кийиб кетаверди. Ўғри унинг орқасидан чақириб деди: “Эй жувонмард, кел, мендан олтинларингни ол. Бугун мен сенинг омонатингни сақлаб ишимдан қолдим”.
У киши деди: “Сен кимсан, бу қандай олтин?”
Ўғри деди:
– Мен бир ўғриман, бу олтин сенинг менга топширган олтинингдир.
У киши деди:
– Агар сен ўғри бўлсанг, нима учун бу олтинларни олиб кетмадинг?
Ўғри деди:
– Агар минг тилла бўлса ҳам, сендан андиша қилмай олиб кетардим, лекин сен бу олтинни менга омонат топширдинг. Омонатга хиёнат қилмоқ жувонмардликдан эмас.
“Кўҳна дунё ривоятлари” китобидан олинди.
