Миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз бизни юксак маънавиятга, маърифатга, истиқлолу истиқболга етак­ловчи бебаҳо неъматдир. Улуғ маърифатпарвар бобо­миз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлаши­миз, эъзозлашимиз лозим.

Таъкидлаш керакки, кўча-кўйда ажнабий тилдаги ёзувларнинг қалашиб кетиши, иш юритувида ҳали ҳам рус тилидан қутулаолмаётганимиз, бошқа-бошқа муаммоларнинг юзага келишига биринчи навбатда ўзимиз айбдормиз. Кўпчилигимизда миллий ғурур етишмайди. Катта-кичик кўчалар, ҳатто бутун шаҳардаги барча пешлавҳалар, эълонлар бошқа тилларда ёзилса-да, парво­йимиз фалак. Хорижий тилни ўргатишга ихтисослашган мактабгача таълим ташкилоти ва мактабда тарбия­ланаётган, ўқиётган фарзандларимиз чет тилларда бийрон гапирганидан хурсанд бўлиб юра­верамиз.

Сўнгги йилларда давлат тилига бўлган бу каби муносабатлар, бефарқ­ликлар яна асосий мавзуга чиқиб, она тилимизнинг обрўсини кўтариш юзасидан давлат аҳамиятига молик саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020-йил 10-апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекис­тон Республикасининг «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга мувофиқ 21-октабр санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. 2020-йил 20-октабр­да эса Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. 

Мазкур фармон билан ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қад­риятларга садоқат руҳида тарбия­лаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрга­ниш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривож­лантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш, ўзбек тили­нинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш асосий мақсад қилинган.

Мазкур фармон асосида қабул қилинган «2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепсияси»да ўзбек тилини узоқ муддатли ривожлан­тиришнинг асосий устувор йўналишлари белгиланган.

Шунингдек, унда ўзбек тилини барча соҳаларда қўллаш доирасини кенгайтириш, ундан давлат тили сифатида тўлиқ ва тўғри фойдаланишни таъминлаш мақсадида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юрита олиш даражасини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш, масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатларини жорий этиш, барча вазирлик ва идораларда идоралараро ҳужжатлар айланиши давлат тилида бўлишини тўлиқ таъминлаш назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, она тили­миз бўлган ўзбек тилининг нуфузи­ни ошириш, жамиятда давлат тилига ҳурмат-эътибор ва меҳр-муҳаббат муҳитини шакллантириш учун барча имкониятлар мавжуд, меъёрий ҳужжатлар ҳам етарли. Эндиги вазифа Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлан­тиришимиз лозим. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тили­мизга, урф-одат ва қадриятлари­мизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намо­ён этишимиз керак.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

ўз мухбиримиз.