Яқинда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Чирчиқ шаҳрида жойлашган 7535-ҳарбий қисм ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамкорлигида “Она Ватанимга таянчман” номли тадбир бўлиб ўтди. 

Мазкур таълим муассасасига келган осойишталигимиз посбонлари ва уларнинг оила аъзолари дастлаб, у ерда талабаларнинг ўқиши ва яшаши учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар ҳамда университет ҳаётидан ҳикоя қилувчи музей экспонатлари билан яқиндан танишишди. 

Шундан сўнг, меҳмонлар учун консерт дастури намойиш этилиб, оила юмушлари ва фарзандлар тарбиясида ўзининг беминнат хизматини аямай келаётган бир гуруҳ ватанимиз ҳимоячиларининг турмуш ўртоқларига ҳарбий қисм қўмондонлигининг ташаккурномалари топширилди. 

Шунингдек, кўтаринки руҳда ўтган тадбир давомида мазкур таълим даргоҳида фаолият кўрсатаётган спорт тўгаракларига қатнашиш мақсадида юрган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларининг ҳам орзуси амалга ошди.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.