Шерали болалигидан электротехника воситаларини тузатаётган акаларининг ишини зўр иштиёқ билан кузатарди. Фотоаппарат, телевизор ва радиопрёмникларнинг қандай ясалганига қизиқиб, уларни тузатишга уриниб кўрарди. Бундан ташқари, ота-онасига даладаги ишларда кўмаклашиб бўлгач, болаларга мўлжалланган қизиқарли кўрсатувларни томоша қилишни яхши кўрарди. 

У экрандаги тасвирларнинг қандай олинишига эътибор берар, айниқса, эфирга узатиладиган «Яшил чироқ» кўрсатувини жуда севиб кўрарди. Унинг кўнглида ўша онлардаёқ соҳага қизиқиш уйғонган эди. Қизиқишки, бу нафақат телевидение соҳасига, балки кўрсатувда қатнашаётган, эгнига ички ишлар органлари либосини кийган ходимларга ҳавас эди. 

Орадан йиллар ўтди. Вояга етган Шерали армияда тобланди. Ҳарбий хизматдан сўнг мақсади сари интилиб, ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ўқишга кирди. Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизматида полковник Азиз Эрназаровдан нафақат оммавий ахборот воситалари билан ишлашни ўрганди, балки ички ишлар органлари йўналиши бўйича ҳам йўл-йўриқлар олди. 

Катта сержант Ш. Мирзачаев матбуот хизматидаги ҳамкасбларидан сифатли тасвирга олиш ҳамда монтажнинг сир-асрорларини мукаммал ўрганди. Тизимда тажриба орттириб, малакасини ошириб борди. 2018-йилда ИИВ идора ва тизимлари матбуот хизматлари ўртасида ўтказилган кўрик-танловда энг яхши монтаж устаси йўналишида ғолибликни қўлга киритди.

ИИВ Академияси сиртқи бўлим тингловчиси Ш. Мирзачаевнинг энг катта орзуси ички ишлар органлари ходимларининг машаққатли, аммо шарафли хизматини кенг халқ оммасига ёритиб беришдир. 

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.