(25-октабр – Ички ишлар органлари ходимлари куни)

 

Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Бугун дунёда ҳукм сураётган мураккаб ва таҳликали шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш қанчалик муҳим вазифа эканлигини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Бунда ички ишлар органлари ходимлари ҳар доим давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги консепсияси ҳамда 2022–2025-йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси асосида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган замонавий иш услублари амалиётга татбиқ этилмоқда. Ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабабларини бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарликларнинг «маҳаллабай» ва «хонадонбай» муҳокамалари кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги ҳар бир маҳаллада хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари ҳудуд фуқароларининг текширувчи ёки назоратчиси эмас, балки барча ҳаётий масалаларда аҳолига кўмакчи, чинакам елкадош, ёнма-ён турадиган яқин инсонга айланиб улгурди. Шунингдек, профилактика инспекторининг маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликдаги фаолияти кўплаб ҳуқуқбузарликларга барҳам бериб, турли йўналишдаги муаммоли масалаларнинг ҳал этилишида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ҳудудларда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар кўп сонли опа-сингилларимизнинг маслаҳатчиси, ҳимоячиси ва кўмакдоши сифатида қатор амалий ишларни олиб боришмоқда.

Пробация хизмати ходимлари ҳам тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда маҳкумларни зарур касб-ҳунарларга ўқитиш, ишга жойлаштириш, хусусий тадбиркорликка жалб этиш, энг асосийси, иш берувчилар томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишида яқиндан ёрдам кўрсатишмоқда.

Ички ишлар вазирлиги таркибидаги хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошириш борасида жонбозлик кўрсатиб, хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминланиш баробарида уларнинг мазмунли саёҳатига муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Айни пайтда ушбу бўлинмаларда қатор хорижий тилларни биладиган, тарих, этнография ва санъат соҳасидан чуқур билим, кўникмага эга ёш йигит-қизларнинг ўз вазифаларини ҳар жиҳатдан тўкис бажараётганини кўриб кўнглимизда фахр туйишимиз рост.

Бугунги кунда ички ишлар органларининг тергов, жиноят қидирув, жамоат тартибини сақлаш, патрул-пост, кинология, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пробация, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, транспортда хавфсизликни таъминлаш, эксперт-криминалистика, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш, молия, тиббиёт сингари қатор соҳавий хизматларда фаолият кўрсатаётган ходимлар, вазирлик тизимидаги ҳарбий хизматчилар ҳамиша ўз ороми, тинчи, ҳузур-ҳаловати, керак бўлса жонидан кечиб, Ватанимиз, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш ва ҳимоя қилишдек улуғ вазифаларига ҳамиша собит. Улар диёримизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик посбони, керак бўлса қалқони бўлиб халқ ишончи ва розилиги йўлида, кеча-ю кундуз сергак ва ҳушёр хизмат қилишмоқда. Соҳадаги янгиланиш, ўзгаришлар билан ҳамнафас, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар фидойи ходимлар намунали хизмати билан Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида олиб бораётган ислоҳотлар ривожига муносиб ҳисса қўшаётирлар. Зотан, юраги шу юрт тақдири, унинг бугуни, эртаси, ташвиши билан уриб турган ҳар бир инсон учун Ватан тинчлиги, осойишталиги ҳамма нарсадан устундир. Уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, қадрлаш эса муқаддас бурч, шарафдир. Ички ишлар органлари ходимлари ана шу улуғ мақсад йўлида бел боғлаб хизмат қилаётган, ҳамиша халқ билан ҳамнафас яшаётган орамиздаги қаҳрамонлардир.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

ўз мухбиримиз.