Маънавият ва маърифат дарси
Ўзбек тили миллий қадрият, ўзликни англаш, мустақил давлатчилик тимсоли, маънавий бойлик сифатида халқимиз ҳаётининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда ўзбек тилини ривожлантиришга, тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда. Тил сиёсатини такомиллаштиришга ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланиши эса давлат тили нуфузини янада оширди. 1989-йил 21-октабрда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунини қабул қилиш осон кечмаганини ҳам, мустақиллик йилларида ўзбек тилини давлат тилига айлантириш йўлида амалга оширилган қатор чора-тадбирларни ҳам халқимиз жуда яхши билади. Ушбу қонун ўша даврда халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлган, десак, асло муболаға бўлмайди. Қонун моддаларида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили» эканлиги ва мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши белгиланганлиги муҳим аҳамият касб этади.
2020-йил 10-апрелда «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши эса халқимизнинг дилидаги, орзусидаги иш бўлди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21-октабр мамлакатимизда «Ўзбек тили байрами куни» сифатида кенг нишонланади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019-йил 21-октабрда «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган, янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссияси ташкил этилди.
Бу муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди, мазкур соҳада яна бир муҳим қадам қўйилди. Чунки Ўзбекистонда шу вақтгача давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга оширадиган ягона, мустақил ва марказлашган тузилма йўқ эди.
Президент фармонида Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилаб берилди. Бундан ташқари, ўзбек тилини янада ривожлантиришга қаратилган учта муҳим ҳужжат:
2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепсияси;
2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепсиясини 2020–2022-йилларда амалга ошириш дастури;
2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Бугунги кунда ана шу ҳужжатларда ўз аксини топган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш учун давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий муассасалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур».
Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим. Аммо давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш билан иш битади, дейиш осон. Бунга фақат хоҳиш ва ирода керак. Хоҳиш бўлиш учун эса кучли тарғибот ва тил мафкураси бўлиши лозим.
Тил сиёсатини мафкура қилиб юритар эканмиз, ўз она тилимизни қанчалик ҳурмат қилишимиз, биринчи навбатда, оилага ҳам боғлиқ. Ҳар бир оилада, мулоқот тили биринчи ўринда ўзликни англашга етаклайди. Оилада миллий тилимизга бўлган эътибор кучли бўларкан, бола аввало эътибор ва эъзозланган она тилида фикрлайди.
Оилада ўз она тилида мулоқот қилиб, мактабда бошқа тилда суҳбатлашадиган бола аста-секин «мактаб тили»га ўтиб олишини кўпчилик яхши билса керак. Бу эса фарзандларимизни менталитетимизга мос қилиб вояга етказишда анча мушкулот туғдиради. Ўзликни англашда тилни биринчи ўринга қўйсак, инсон маънавиятини шакллантиришдаги ўрни келиб чиқади.
Қолаверса, бу борада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, хусусан, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 8-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади», деб белгиланган бўлса-да, айрим соҳалардаги давлат идораларида ҳужжатларни давлат тилида қабул қилиш етарлича йўлга қўйилмаган. Бу эса айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларга ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, қонуннинг 10-моддасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда, бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгиланганлигига қарамасдан, айрим соҳаларда статистика ва молия ҳужжатлари, шартномалар талаб даражасида давлат тилида йўлга қўйилмаган. Хусусан, айрим хизмат кўрсатиш соҳалари (коммунал, интернет хизматлари ва ҳ.к.) томонидан шартнома, далолатнома, огоҳлантириш хати каби ҳужжатлар кўпинча давлат тилида расмийлаштирилмаётганини кўриш мумкин.
Қонуннинг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин, деб белгиланган бўлса-да, мазкур қоидага ҳар доим ҳам амал қилинмаяпти. Хусусан, айрим савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳалари томонидан бевосита ёки интернет тармоқлари орқали берилган лавҳалар ва эълонларда давлат тили талабларига риоя қилмаслик ҳолатларини кузатиш мумкин.
Масалан, савдо дўконлари, умумий овқатланиш жойларида ва уларнинг интернет сайтларида хорижий тилда ёзилган «мы открылись», «распродажа», «скидка», «доставка», «сале» каби хорижий сўзларни кўп учратиш мумкин. Ваҳоланки, ўзбек тилида «чегирма», «етказиб бериш», «арзон нархда» каби ушбу сўзларнинг муқобиллари мавжуд.
Давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида фармон ва қарорларнинг белгиланганлиги, ҳукуматда махсус тузилма ташкил қилинганлиги ва бу ўзбек тилининг нуфузини давлат сиёсати даражасида олиб борилишини таъминлайдиган янги омилдир.
2021-йил 1-апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши йўлга қўйилганлиги эса тил сиёсатини юритишнинг функсионал йўналишларидан бири ҳисобланади. Демак, тил сиёсати энди аста-секин мафкурага айланиб, онгимизга сингиб бораверади.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва обрўсини юксалтиришнинг ягона йўли – таълим. Биз мактабгача таълимдан бошлаб оғзаки ва ёзма нутқни ривожлантирмас эканмиз, ўзбек тилининг нуфузини бой берамиз. Жорий йилда яна бир катта муваффақиятга эришилди. Ташқи реклама ёзувлари аввал давлат тилида акс эттирилиши қонун билан белгиланди ва бугунги кунда унинг ижросига киришилди.
Демак, ўзбек тилини мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида тўлақонли ифодаланишини таъминласак ва такомиллаштириб борсак, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлардан ғурурланиш руҳида тарбияласак, она тилига бўлган ҳурмат ва меҳр-муҳаббат янада ортиб бораверади. Ана шундагина биз юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг давлат тилини билишига ва буни бурч ва мажбурият сифатида ҳис этишига эришамиз.
Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тилининг тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, тил тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва унинг таъсир кучи барчага тааллуқли бўлишига эришиш бизнинг асосий вазифамиздир.
Хуршидбек РЎЗИЕВ,
вазир маслаҳатчиси,
подполковник.
