Маънавият ва маърифат дарси

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ўзгараётган, янгиланаётган Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланиб, халқнинг турмуш даражаси яхшиланиб, эртанги кунга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Албатта, бундай ижобий ўзгаришларга, аввало, Президентимизнинг сиёсий иродаси ва жасорати, қолаверса, ҳар томонлама пухта ўйланган ва халқ манфаатига хизмат қиладиган ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилиши ҳамда заҳматкаш халқимизнинг машаққатли меҳнати туфайли эришилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11-сентабрдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги фармони билан кейинги йилларда орттирилган тажриба ҳамда жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тасдиқланди. Унда ўз аксини топган инсонпарварлик сиёсати, «Инсон қадри учун» тамойили ижроси йўлидаги дадил қадамлар, яқин келажакда амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотлар, аниқ мақсад ва вазифалар халқимиз ҳаётига янгича мазмун бағишлаши шубҳасиз.

Бундай муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши олдимизда турган улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий киришганимиздан далолат беради. Дунё миқёсида рақобат кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб бир даврда мамлакатимизни илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ҳамда янгилаш энг муҳим вазифаларимиздан бирига айланди.

 «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида қуйидаги асосий ғоялар акс эттирилган бўлиб, бу ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқа­ришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга хизмат қилади:

– барқарор иқтисодий ўсиш орқали ўртадан юқори даромадли мамлакатлар қаторига қўшилиш;

– халқ эҳтиёжлари ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш;

– аҳоли учун қулай эко­логик шароитлар яратиш;

– халққа хизмат қилувчи адолатли ва замонавий давлат қуриш;

– мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

Мазкур устувор йўналишлар доирасида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириш, камбағалликни 2 баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш каби қатор вазифалар белгиланган.

Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, билимли ва малакали кадрлар бўлиб етишишига боғлиқ. Бинобарин, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлидаги эзгу ниятларни рўёбга чиқаришда маънан етук, ўз ишининг мутахассиси бўлган кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори. Шу сабабли Стратегияда таълимни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 11-сентабрдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023-йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2024-йил 1-январдан:

– давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, ёд билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;

– Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланиб, келгусида бу тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;

– банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қиймати 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича фоиз ставкаси асосий ставкадан оша­диган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади;

– 2023/2024-ўқув йилидан, умумий ўрта таълим муассасалари 10-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш курслари жорий этилади, шунингдек, Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун «таянч мактаб» этиб белгиланади.

«Ўзбекистон–2030» стратегиясида олий таълимда қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мута­хассислар тайёрлаш сифатини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Стратегиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши доирасида 2024-йил 1-январдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларни «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимидан олиш амалиёти йўлга қўйилади ва ариза берувчилардан мазкур ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Бу давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига янада қулайлик яратади.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг «Хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналишида ҳам қатор мақсадлар, ташаббуслар ўрин олган. Бунда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш борасида белгилаб берилган вазифалар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ватандошлар томонидан йўлга қўйилган жамоат бирлашмалари фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва уларнинг сонини 300 тага етказиш, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишидаги олийгоҳларда хориждаги ватандошлар учун 200 та грант ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, ватандошлар иштирокида тиббиёт, таълим ва илм-фан соҳаларида 100 та лойиҳани амалга ошириш, ватандошлар жамоат бирлашмаларига етказиб бериладиган бадиий адабиётлар сонини 100 мингтага кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, жамиятни янада ривожлантириш мақсадида аҳоли таклифлари, талаб ва эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳаётбахш дастурга айланишига ишончимиз комил. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларимиз ижобий ўзгаришлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ҳис этишига, давлат органларининг халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилишини янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

маёр.