Маънавият ва маърифат дарси
Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов 1917-йилнинг 6-ноябрида Жиззах шаҳрида туғилган. Дастлаб, Жиззах педагогика техникуми сўнгра Самарқанд давлат университетининг филология факултетида таҳсил олган. У талабалик даврида мазкур вилоятнинг «Ленин йўли» газетасида мухбир, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлайди. Университетнинг охирги курсида ўқиётганида эса муҳаррир даражасига кўтарилади.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида Шароф Рашидов кўнгиллилардан бўлиб жангга кетади. У Шимолий-Ғарбий фронтдаги ўқчи бригаданинг сиёсий раҳбари ҳамда ҳарбий журналист сифатида фаолият кўрсатаётганида эндигина 25 ёшга қадам қўйган эди. 1942-йилнинг ноябр ойида Шароф Рашидов урушдан оғир ярадор бўлиб қайтади ва мактабда директорлик қилиш билан бирга, тарих, адабиёт ва рус тили фанларидан ўқувчиларга дарс беради.
1944-йилнинг май ойида Самарқанд вилоят партия қўмитаси котиби қилиб сайланган Ш. Рашидов 1947-йилда ўзидаги иқтидор ва ташкилотчилик қобилияти туфайли 30 ёшида республикамизнинг етакчи нашри – «Қизил Ўзбекистон» газетаси муҳаррири лавозимига лойиқ кўрилади. 1949–1950-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис, ўттиз уч ёшида эса Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсати раиси қилиб сайланган. Собиқ иттифоқ тарихида бундай ёш раҳбар олий ҳокимият эгаси бўлмаган эди.
1959-йилдан Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланган ёш ва уддабурон Ш. Рашидовнинг Гулистон, Янгиер ва бошқа ўнлаб шаҳарларнинг бунёд этилишида, янги туманларнинг ташкил қилинишида хизмати катта бўлган.
1966-йили Тошкентда юз берган кучли зилзила даврида унинг саъй-ҳаракатлари билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун иттифоқ фалокат оқибатларини бартараф этишга жалб қилинади. Натижада эса қисқа муддат ичида пойтахтимиз янги қиёфа касб этади.
Тошкентда Осиё ва Лотин Америкаси ёзувчи ва киноактёрларининг фестиваллари, адабиёт ва санъат кунларининг ўтказилишига раҳнамолик қилди.
Шароф Рашидов мамлакатимизни бошқарган йиллари Тошкент метрополитени ишга туширилади. Чкалов номидаги Тошкент авиация заводи дунёнинг энг катта 5 та авиация бирлашмасидан бирига айлантирилиб, йилига 60 та самолёт ишлаб чиқаради. Тошкент трактор заводида йилига 21 мингта трактор, «Ташселмаш» заводида эса 10 мингта пахта териш комбайни ишлаб чиқарилган. 1969-йилда Мурунтов олтин кони очилиб, йилига 100 тонна олтин қазиб олинади.
Шу боисдан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 27-мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида Жиззах шаҳрида унинг мемориал музейи ташкил қилинди. Ушбу масканга кираверишда Юртбошимизнинг «Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди», деган сўзларининг битилиши ҳам унга бўлган буюк ҳурматнинг намунасидир.
Минг шукрки, Мустақиллик туфайли тарихий адолат тикланди. Шароф Рашидов буюк шахс сифатида тан олинди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, тарих улуғ мураббий ва буюк тарбиячи ҳисобланади. Чунки инсон, халқ ўтмишдан тўғри сабоқ чиқариб яшагандагина тарихий адолатни қарор топтириш ҳамда ўз келажагини барпо этишга муяссар бўлади.
Ш. Рашидов раҳбарлик билан бир қаторда, ижодни ҳам тўхтатиб қўймади. Унинг қаламига мансуб «Чегарачи» достони, «Қаҳрим» шеърлар тўплами, «Ғолиблар», «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин» каби йирик насрий асарлари, «Кашмир қўшиғи», «Комде ва Мудан» каби лирик қиссалари ҳамда «Коинот» номли киноқиссаси шулар жумласидандир. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида ёзган «Дил амри» қиссасида Иккинчи жаҳон уруши даврида Белорус заминида ўзбек жангчиларининг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирланган.
Тиниб-тинчимас фидойи инсоннинг давлат ва жамият олдидаги хизматлари ҳам юксак қадрланиб, бир неча маротаба орден ва медаллар билан тақдирланган.
Рашид бобонинг тўрт нафар ўғли бўлиб, улар орасида Асил Рашидов акаси сингари адабиётга меҳр қўйиб, моҳир таржимон бўлиб етишган. Ш. Рашидов Хурсаной ая билан тўрт қиз ва бир ўғилни тарбиялаб вояга етказган. Уларинг тўнғичи Сайёра Рашидова кимё фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги. Яна бир қизи Гулнора Рашидова эса тарих фанлари номзоди. Ёрқиной Рашидова Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистоннинг вакили сифатида фаолият юритган. Дилором Шарофовна техника фанлари номзоди. Оиланинг ёлғиз ўғли Илҳом Рашидов эса юридик фанлар номзоди.
Бундай жонкуяр инсоннинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Жиззах вилоятидаги туман, Тошкент ва Жиззах шаҳридаги мактаб, кўча ва маҳаллаларга унинг номи берилди. Шунингдек, таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Жиззах шаҳрида унинг ҳайкали ўрнатилди.
Яқинда у таҳсил олган олий таълим муассасасига ҳам Шароф Рашидов номи берилди.
