Маънавият ва маърифат дарси

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Мамлакатимиздаги энг катта сиёсий тадбирда ҳарбий хизматчи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фуқаро сифатида иштирок этаркан, конституциявий ҳуқуқлари ва хизмат мажбуриятлари юзасидан сайловга оид қонунчиликдан бохабар бўлишлари муҳим ҳисобланади.

Сайловларда иштирок этиш нуқтаи назаридан, сайлов ҳуқуқи икки хил бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хиз­матчилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилув­чи органлар ходимлари ҳам мамлакат фуқаролари сифатида фаол сайлов ҳуқуқи, яъни сайлаш ҳуқуқига эгадир.

Қуролли Кучлар, жумладан, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилув­чи органлар ходимлари қонун посбонлари ҳисобланишини инобатга олиб, уларнинг сайловга оид қонун ҳужжатлари ва Марказий сайлов комиссияси қарорлари ҳақидаги билимларини ошириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир.

Сайлов принсипларини амалга оширишда ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир қатор мажбуриятларга эгадирлар. Жумладан, сайловни ўтказиш жараёнида сайлов принсипларининг бузилиши сайлов қонунчилигининг бузилиши сифатида баҳоланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 512–519-моддаларида сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Сайлов кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Прокуратура тўғрисида», «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунларга асосан, сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисидаги баённома прокуратура ва ички ишлар органлари ҳамда Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари ва округ сайлов комиссияларининг ваколатли мансабдор шахслари томонидан тузилади.

Шу ўринда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун муҳим бўлган бир жиҳатга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Сайлов кодексининг 10-моддасига кўра, сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлар­даги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилиши, шунингдек, ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилиши мумкин.

Сайлов кодексининг 27-моддасига кўра, сайловчилар рўй­хатлари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида шакллантирилади. Ҳарбий қисмлар­даги ҳарбий хиз­матчиларнинг, шунингдек, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асос­ларда сайловчилар рўй­хатига киритилади.

Санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

Сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларини кузатиб боришлари мумкин. Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши керак.

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судя­ларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг 2021-йил 25-августдаги 1104-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфексияси (CОВИД-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, жорий йилда сайловни ўтказиш билан боғлиқ баъзи чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Тегишли ҳимоя воситалари (ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометр, бир марталик ҳимоя ниқоблари, бир марталик тиббий қўлқоплар, антисептик воситалар, ижтимоий масофа чизиғи)дан фойдала­нишнинг мажбурийлиги, овоз бериш бинолари овоз беришдан камида олти соат олдин дезинфексия қилиниши, овоз бе­риш хонасида сайловчилар бир томонлама ҳаракатланиши учун махсус чизиқлар чизи­лиши ва тасмалар билан тўсиқлар ўрнатилиши, участка сайлов комиссияси аъзоси овоз бериш кунига қадар тиббий кўрикдан ўтган ва соғлом бўлиши ке­раклиги, овоз бериш куни тиббий қўлқоп, пластмасса ҳимоя ниқоби ва антисептик воситалар билан ҳимояланиши, ҳар бир сайловчидан сўнг ёзув ва иш столини дезинфексияловчи салфетка билан артиши, кун давомида тез-тез сув ичиши тавсия этилиши ва сайловчилар билан қўл бериб кўришиши ман этилиши, сайловчилар учун ҳимоя ниқобини тақиш ва дезинфексияловчи суюқлик билан қўлла­рини дезинфексия қилиш мажбурий ҳисобланиши, участка сайлов комиссияси жойлашган бинода тиббий ёрдам кўрсатиш хонаси белгиланган тартибда тайёрланиши, бинони шамоллатиш имконияти бўлиши шартлиги кабилар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилув­чи органлар ходимлари­нинг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

биринчидан, тегишли округ сайлов комиссиялари билан ҳамкорликда ҳарбий қисм командирларининг ҳарбий қисмлар ҳамда ҳарбий шаҳарчалардаги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари тўғрисида маълумотларни шакллантириш ҳамда сайловчилар рўйхатига киритиш учун тақдим қилиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш;

иккинчидан, ҳарбий қисмлар, муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилув­чи органлар бўлинмалари, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида тегишли округ сайлов комиссиялари аъзолари, ҳудудда жойлашган олий таълим муассасаларининг ҳуқуқий фанлар бўйича мутахассислари, сайлов қонунчилиги бўйича экспертлар иштирокида давра суҳбатларини ташкил этиш;

учинчидан, участка сайлов комиссияси ташкил этиладиган ҳарбий қисмлар ва жазони ижро этиш муассасаларида сайловчилар учун зарурий бўлган, сайлов қонунчилигининг энг муҳим қоидалари келтирилган кўргазмали материалларни жойлаштириш;

тўртинчидан, участка сайлов комиссияси ташкил эти­ладиган ҳарбий қисмлар ва жазони ижро этиш муассасаларида сайлов қонунчилигига оид, хусусан, пандемия шароитида овоз беришни ташкил этиш ҳақидаги видеороликлар намойишини ташкил этиш;

бешинчидан, ҳарбий ту­зилмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий веб-саҳифалари, ижтимоий тармоқ­лардаги саҳифаларида ҳарбий хизматчилар ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширувчи материалларни бериб бориш.

Давронбек МАМАРАСУЛОВ,

Марказий сайлов комиссияси республика тренери,

юридик фанлар бўйича

фалсафа доктори.