Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Шу боис ўтганларнинг хайрли ишларини, қаҳрамонлиги ва жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизнинг азалий қадриятларидан бирига айланган. Аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш қон-қонимизга сингиб кетган. Зотан, хотира ўтмишни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр инсонни юксакликка кўтаради, унинг орзу-интилишларига олижаноблик бағишлайди.
9-май санаси миллатимизнинг юксак қадриятларига эҳтиром ифодаси ўлароқ намоён бўлади. Чунки унинг замирида юрт озодлиги ва тинчлиги учун курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган ватандошларимизнинг ёрқин хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни эъзозлаш сингари эзгу фазилатлар мужассамдир.
Ҳақиқатан ҳам, бугун Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар, фронт ортида меҳнат қилганлар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг машъум қирғиндир. Олти йил давом этган бу урушда 62 та давлат, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этган. Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган қуролли тўқнашувларга 110 миллион киши сафарбар этилган ва 70 миллион киши ҳалок бўлган.
1941-йил арафасида республикамиз аҳолиси 6,5 миллионга яқин бўлган, шундан қарийб 2 миллионга яқини урушда қатнашган. Яъни, ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жанг майдонларига кирган. Энг ёмони, бу даҳшатли урушда 500 минг нафардан зиёд юртдошимиз ҳалок бўлган.
«Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам. Бу дард-у аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди», деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз – Ватанимизнинг мард ва жасур фарзандларини ёддан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Уларнинг номи Тошкентдаги Хотира майдонига ўрнатилган Хотира китобларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимизда «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» давлат музейи бунёд этилди.
Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган, кейинчалик хизматни ички ишлар органларида давом эттирган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Афсуски, уларнинг аксарияти ҳозир орамизда йўқ. Бутун умрини юрт тинчлигини таъминлашга бахшида этган бу қаҳрамонларимиз ёш авлод қалбига фахр-ифтихор бағишлайди, албатта.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари, кейинчалик Тошкент вилоятининг чегара ҳудудларига бостириб кирган террорчиларга қарши жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар орасида ички ишлар органлари ходимлари ҳам бор. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида содир этилган терактлар оқибатида бир неча осойишталик посбонлари дунёдан эрта кўз юмди. Қолаверса, ашаддий жиноятчилар билан олишувлар вақтида ҳам бир қанча ходимларимиз мардларча ҳалок бўлишди.
Ҳозирги пайтда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари ҳолидан доимий хабар олиб турилади. Уларга моддий-маънавий кўмак берилади. Худди шунингдек, ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига ўқишга ёки ишга кириши учун имтиёзлар ҳам жорий этилганки, бу мамлакатимизда инсон қадри улуғланаётганининг ёрқин далилидир.
Аждодларни, уларнинг юрт тинчлиги ва ободлиги йўлида қилган хайрли амалларини ёд этмоқ, кексаларни, фахрийларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш бугун том маънода миллий қадриятимизга айланди. Зеро, инсон – ҳаёт гултожи, унинг қадри, ҳурмати эъзозга лойиқ.
Камол ОЛЛОЁРОВ,
«Постда» мухбири.
