Косонсой туманидаги 45-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси Наманган вилояти ички ишлар бошқармасига бириктирилган. Таълим масканида мунтазам равишда бошқарма ходимлари томонидан маънавий-маърифий учрашувлар, саховат тадбирлари ўтказиб келинади. Навбатдаги тадбирнинг Наврўз байрами арафасида ташкил этилгани ўқувчилар қалбига олам-олам завқ улашди.

Дастлаб мактаб-интернат ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида 500 туп манзарали кўчатлар экилди. “Наврўзинг муборак, жонажон юртим” шиори остида расмлар танлови, китоблар, “Моҳир қўллар” кўргазмалари намойиши, “Хуш келдинг, Наврўз” шиори остида қўшиқлар танлови, спорт мусобақалари, “Косонсой дорбозлари” ва миллий урф-одатларимизни намоён этувчи ижодий чиқишлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Наврўз байрамини миллий таомимиз – сумалаксиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу куни мактабда сумалак пиширилди, тадбир иштирокчилари баҳраманд бўлди. Тўкин дастурхон атрофидаги суҳбат, куй-қўшиқлар, рақслар барчага мароқли ҳордиқ улашди.

Тадбир сўнгида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник С. Жаббаров мактаб-интернат ўқувчи ва ўқитувчилари совға-саломлар тақдим этди. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЭВА,

«Постда» мухбири.

Наманган вилояти.