Аксарият китобхонлар кўпроқ насрий йўналишда ёзилган асарларни таҳлил этишади. Маъно юки жиҳатидан ҳар қандай насрий асар билан беллаша оладиган шеърий достонлар ҳақида ҳам ижобий фикр билдириш мумкин.

Халқ қалбидан ўрин олган назмий асарлар орасида эл севган шоир Муҳаммад Юсуфнинг «Қора қуёш» шеърий достони алоҳида ўрин тутади. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган мазкур достон шоирнинг ўз Ватанига чексиз меҳр-муҳаббати ифодаси, миллат ва давр фожиасига нисбатан юксак шоирлик муносабатидир. Асарда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир сингари улуғ зиёлилари­мизнинг ички кечинмалари, миллат ва халқ дардида ёнган ҳасратлари ифодаланган.

Муҳаммад Юсуфнинг ушбу асарида 1937–1938-йилларда ёвузлик машинаси бўлган қатағон сиёсатининг халқ тақдирида акс этган фожиалари изтиробли тасвирланган. Бинобарин, тарихнинг қонли саҳифаларини кўз ёшларсиз ўқий олмайсиз. Бугунги дориламон кунлар осонликча қўлга кири­тилмагани, юртнинг не-не асил ўғлонларининг азиз жони қурбон бўлганини ҳис қиласиз.

Достонда «халқлар отаси»­нинг ижобий ва салбий сифатлари моҳирлик билан баён этиладики, ярим халқ қарғаган, ярим халқ алқаган «доҳий» қора қуёшга менгзалади. Шеърий достоннинг «Қора қуёш» деб номланиши ҳам шундан.

Халқ онги ва тафаккурини уйғотишга бағишланган бундай асарларни ўқиш яна шундай даврлар қай­тиб келмаслиги учун ҳам муҳимдир.

Бобурмирзо ҲАЙДАРАЛИЕВ, 

Поп тумани ИИБ ЖХХ 

ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант.