Қашқадарё вилояти Иибда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамов ва бошқарма таркибий бўлимлар ва соҳавий хизматлар ходимлари иштирокида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Президентимизнинг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини шахсий таркибга етказишга бағишланган тадбирда вазир ўринбосари маъруза қилди.
Вазир ўринбосари қарорда ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун” тамойили асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар вакили этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришиш устувор вазифа этиб белгиланганини таъкидлади. Шу билан бирга, ички ишлар органларида содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот тизими обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик лозимлигини иштирокчиларга тушунтирди.
Вазир ўринбосари ҳар бир ҳодим қарор билан тасдиқланган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми Кодекси қоида ва талабларини билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурийдир, деди.
Кодексда белгиланган қоида ва талабларга амал қилиш ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезонидир. Мазкур қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади.
Қарорга мувофиқ, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаси хусусиятларидан келиб чиқиб, шахсий таркибнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратиш ва уни баҳолашнинг янги мезонлари ишлаб чиқилади.
Инсон омилини истисно этиш ҳамда коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими замон талабларига мос равишда тўлиқ рақамлаштирилади.
Ички ишлар органларида хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимларга нисбатан тайинланадиган дастлабки синов муддатини бир йил этиб белгилаб, ҳудудий ички ишлар органлари эҳтиёжини инобатга олиб, Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари битирувчилари учун Ички ишлар вазирлиги Академиясида бакалавриатнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ва “Тезкор-қидирув фаолияти” таълим йўналишларига, тўлов-контракт асосида ўқитишни назарда тутган ҳолда ҳар йили қўшимча қабул квотаси киритилади.
2023 йил якунига қадар мансаб лавозимларини юқори маънавий-ахлоқий, ишчанлик ва касбий сифатларга эга бўлган номзодлар билан тўлдиришни назарда тутган ҳолда ички ишлар органларида хизматга қабул қилишнинг сифат жиҳатидан янги, соддалаштирилган электрон ахборот тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ички ишлар органларида жисмоний ва жанговар тайёргарликни ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади. Бунда барча даражадаги ҳудудий, соҳавий ва тармоқ ички ишлар органлари ходимларининг жанговар шайлик ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишни назарда тутиб, спортнинг якка кураш турлари (қўл жанги, самбо ва кураш) бўйича ҳудудий терма жамоалар ва спорт секциялари ташкил этилади.
Бир сўз билан айтганда, Президент қарори юртдошларимизнинг ички ишлар органлари ходимларининг маънавий оламини бойитиш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Тадбирда шаҳар-туман Ииблари шахсий таркиби ҳам видеоселектор орқали иштирок этди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати
