Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, она Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда тадқиқ этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири саналади. Зеро, миллий мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз ривожи ва унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган авлодни тарбиялашда уларнинг ибратли ҳаёти ва маънавий меросининг ўрни беқиёсдир. Мустақилликнинг илк йилларидан юртимизда тинчлик, Ватан озодлиги йўлида курашиб қурбон бўлган халқимиз қаҳрамонларининг ҳаёти, уларнинг фаолияти, илмий ва маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга эътибор берила бошланди. Хусусан, 2000-йилнинг 12-майида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи ташкил этилди. Бу узоқ кутилган тарихий ҳақиқатнинг қарор топиши бўлди. «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи ва «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи пойтахтимизнинг энг гавжум зиёратгоҳларидан бирига айланди.
Ўтган давр мобайнида биз билган, кўпчиликка маълум бўлган Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат кабиларни ўрганиш билан бир қаторда, қатағон қурбонлари Отажон Ҳошимов, Сотти Ҳусайн, Вадуд Маҳмуд каби олимларнинг илмий ижоди жамоатчиликка қайтадан таништирилди. Ана шундай кўпчиликка маълум бўлмаган миллий адабиётимизнинг забардаст вакилларидан бири 1938-йил қатағони оқибатида отиб ташланган заҳматкаш ўзбек олими Миён Бузрук Солиҳовдир. Миллий маданиятимиз тарихини ўрганишга муносиб ҳисса қўшган бу зот 1891-йилда Тошкент шаҳрида Шўртепа масжидининг имоми Миён Солиҳ хонадонида дунёга келган. У аввал эски мактабда, 1910–1915-йилларда эса Дегрез кўчасида жойлашган мадрасада таҳсил олади. Таълим жараёнида диний билимлар билан бирга, араб ва форс тилларини ҳам пухта эгаллашга ҳаракат қилади.
Кўпчилик ўзбек жадид зиёлилари каби, 1917-йил воқеалари Миён Бузрук Солиҳов онгида ҳам ўзгариш ясайди. У қизғин кечаётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга аралаша бошлайди. Тез орада Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг фаол аъзоларидан бирига айланади.
Маълумки, 1917-йилнинг 14-мартида Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов ва Убайдулла Хўжаевлар бошчилигида «Шўройи исломия» ташкилоти тузилади. Ушбу ташкилот ишларида Миён Бузрук ҳам фаол иштирок этади. Шу йилнинг 6-августида Тошкент шаҳар думасига сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловда «Шўройи исломия» ташкилоти кўрсатган номзодлардан ўн биттаси ғолиб чиқади. Ана шулар орасида Миён Бузрук Солиҳов ҳам бор эди.
У шаҳар думаси болшевиклар томонидан тарқатиб юборилгунига қадар
(1917-йил декабр) «Шўройи исломия» дан сайланган вакил сифатида дума ишларида қатнашади. 1917-йилнинг ёзида эса Бокудан «Мусоват» партиясининг фаол аъзоси Муҳаммад Амин Афандизода Тошкентга келади ва маҳаллий зиёлилар орасида «Иттиҳод ва тараққий» ташкилотини тузишга бошчилик қилади. Янги тузилган ташкилотга Мунавварқори Абдурашидхонов раис, Убайдулла Хўжаев ҳамда Миён Бузруклар муовин этиб сайланади.
1930–1936-йилларда Миён Бузрукнинг Қашқар маҳалласидаги ҳовлисида Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» каби асарларини рус тилига ўгирган таржимон Л. Соцердотова яшаган ва у билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган.
Миён Бузрук Солиҳов 1936–1937-йилларда аввал Самарқанд университетига, у ердан Бухоро давлат педагогика институтига таълим бериш учун юборилади. Орадан бир йил ўтиб, 1937-йилнинг ёзида Бухоро педагогика институтида ишлаб турган Миён Бузрук Солиҳов меҳнат таътилини ўтказиш учун оиласи ёнига, Тошкентга қайтади. Олим мана шу таътилдалик пайтида, аниқроғи, 7-августда НКВД ходимлари томонидан ҳибсга олинади.
Айбловларнинг аксарияти уйдирма бўлиб, ўзбек зиёлисини, миллат фидойисини жисмонан йўқ қилишга қаратилган эди. Хусусан, айблардан бирига кўра, у «Ёзувчи Ҳожи Муин Шукруллаев орқали Англиянинг Ўзбекистондаги айғоқчиси Саид Афанди билан танишган ва жосуслик ишига ёлланган. Иккинчи айбга кўра эса Миён Бузрук Мунавварқори ўлимидан сўнг Ўзбекистон ичкарисидаги миллий аксилинқилобий ташкилот раҳбарлигини ўз зиммасига олган.
Юқоридаги айблардан келиб чиқиб, судда унга «буржуа миллатчиси», «Англия жосуси», «аксилинқилобий ташкилотлар йўлбошчиси» каби айблар қўйилади ва ўлим жазосига ҳукм этилади. Ҳукм 1938-йил 17-декабрда ижро этилади. 1957-йилда қатағон қурбони бўлган кўпгина ўзбек зиёлилари қаторида Миён Бузрук Солиҳов ҳам оқланади.
Мана шундай юртпарвар ватандошларимиз қатағон қилинишининг асл мақсади, миллат фидойиларининг юрт мустақиллиги учун курашувчи кучга айланишидан ҳайиқиш эди. Шўро қаттоллари нафақат бу шахсларнинг ўзларини, балки уларнинг норасида фарзандлари, оила аъзоларини ҳам жазолаш ва қамаш йўлидан борган эди. Масалан, Миён Бузрук Солиҳовнинг ўғли Мазҳар Солиҳов ўша йилларда университет талабаси эди. Унга «халқ душмани» нинг ўғли сифатида айб қўйилиб, талабалар сафидан чиқарилади. Норасида синглиси Нурия эса болалар уйига юборилган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга монанд, 2020-йилнинг 8-октабр куни «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармойиши қабул қилинди. Унга биноан, қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материалларни, ноёб суратларни тўплаш ишларини мувофиқлаштириш белгиланди.
Шунингдек, аниқланган қатағон қурбонларининг номларини Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритиш, шаҳид бўлган юртдошларимиз хотирасини келгуси авлодларга безавол етказиш мақсадида кўп жилдлик «Қатағон қурбонлари» китоби нашрга тайёрланиши ва чоп этилиши белгиланди. Бундан ташқари, «Қатағон қурбонлари хотираси» давлат музейи ҳамда унинг ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошидаги бўлимларининг фондлари ва экспозитсияларини янги топилган маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб борилишини ташкиллаштириш каби муҳим тадбирлар белгилаб берилди.
Мустақиллик туфайли халқимиз кутган ва узоқ йиллар интилиб келган адолат қарор топди. Бугун навқирон Ўзбекистонни дунё давлатлари тан олиб, ўтмиши улуғ ва келажаги порлоқ юрт сифатида ҳамкорлик, дипломатик муносабатлар ўрнатмоқда, юртимиз жаҳонда ўз ўрнига эга давлат сифатида баҳоланмоқда. Бундай тинч ва осуда, фаровон кунларнинг ҳар дақиқасига шукур қилиб, ўзини шу она Ватан фарзанди деган ҳар бир шахс учун озодлик, фаровонлик ва тинчлик неъматини асраш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Асроржон САТТОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти, маёр.
