Маънавият ва маърифат дарси

Ўз халқининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиб, унинг порлоқ истиқболи йўлида жисми жонида куч топа билган ва бор ҳақиқатни айтишга журъат этган миллатимиз жонкуярлари биринчи галда марказнинг қаҳр-ғазабига учради. Улар биргина имо-ишора билан бу каби юрт фидойиларини оғмачилик ва бузғунчиликда айблаш орқали, шаънига миллатчи, халқ душмани, аксилинқилобчи ҳамда буржуа малайлари сингари асоссиз бўҳтонлар билан лаънат тамғасини босишга доимо тайёр туришарди.

Шонли тарихимизнинг бундай зулматли йиллари халқимиз дилида ўчмас армон бўлиб қолди. Бу ҳақиқат миллий истиқлол туфайлигина юзага чиқиб, ундан бутун юртимиз фуқаролари баҳраманд бўлишди.

Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Элбек, Боту, Ғози Юнус каби истеъдодлар туҳмат-у бўҳтонлар туфайли «халқ душманлари» сифатида жисмонан йўқ қилиниб, ёрқин фаолияти сўндирилди. Ахир уларнинг ҳар бири ўз миллатининг фахр-у ифтихори даражасига кўтарилган, беқиёс ижоди, яратган бой адабий мероси эътироф этилган, ҳар қанча ҳавас қилса арзийдиган инсонлар эди. Масалан, улардан бири профессор Ғози Олим Юнусовни оладиган бўлсак, у 50 дан ортиқ асарлар муаллифи саналарди. Араб, форс, немис, инглиз ва туркий тилларни пухта билган. У ҳатто рус, араб ва немис тилларида Самарқанд университети, Тошкент педагогика институти каби нуфузли даргоҳларда ёшларга таълим берган. Аммо бундай ноёб истеъдодлар қатағон жаллодлари учун қадр-қимматга эга эмасди. Мустабид тузум фармонбардорлари эса ўзбек халқининг миллий онги ва тафаккурини ўстириш, унинг ўзлигини танитишда фидойилик қилган жадидчилик ҳаракати намояндаларини йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди.

Маълумотларга қараганда, 100 мингдан ортиқ ватандошимиз қатағон зулмига учраган. Уларнинг бир қисми «халқ душмани» деган тамға билан шафқацизларча отиб ташланган. Бошқалари эса узоқ юртларга сургун қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилган. Оилалари пароканда бўлиб, мол-мулки тортиб олинган.

Она юртининг порлоқ истиқболи ва озодлиги учун жонини фидо этган буюк аждодла­римиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган «Шаҳидлар хотираси» майдони ҳамда унинг марказида жойлашган «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи бу ерга ташриф буюрув­чиларда, айниқса, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларда катта таассурот қолдирмоқ­да. Миллий меъморий анъаналар асосида барпо этилган ушбу музейга киришингиз билан чор Россияси ва шўро мустамлакачилиги даврининг фожиали манзаралари кўз олдингизга келади. Учта зал ва ўн бўлимдан иборат мазкур бинонинг биринчи залида Ўрта Оси­ёнинг чор Россияси томонидан босиб олиниши ҳамда унга қарши кўтарилган халқ қўзғолонлари ва ўтган асрнинг 30-йиллари бошларида рўй берган сиёсий қатағонларгача бўлган воқеалар билан танишишингиз мумкин. Иккинчи залдаги экспозициялар 1937–1938, 1940–1950-йиллар­даги сиёсий қатағонлар ҳамда 80-йиллардаги «пахта иши» ҳақида ҳикоя қилади. Навбатдаги зал эса мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уни ривожлантириш йўлидаги оламшумул ишларга бағишланади.

Шунингдек, тарихий адолатни тиклаш, мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қув­ғин-у қатағонга учраган шахсларнинг номларини оқлаш борасида Юртбошимиз томонидан 2020-йилнинг 8-октабрида «Қатағон қурбонларининг ме­росини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиш қабул қилинди. Унга мувофиқ, «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва Республика ишчи гуруҳи тузилиб, реаби­литация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш юзасидан таклифлар киритиш белгилаб берилди.

Ўзбекистон Рес­публикаси Олий судига 2021-йилнинг декабр ойида 120 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, булар юрт фидойиларининг ноҳақ айбланганлиги борасидаги ишлар эди. 2022-йил 6-январдаги Олий суд қарори билан фидойи аждодла­римизга қўйилган айбловлар ноҳақ эканлиги исботланиб, уларнинг барчаси оқланди. Бу муҳим воқеа мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг амалий натижаси, десак, айни ҳақиқатдир.

Порлоқ истиқлолимиз йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто бу йўлда ўз жонини ҳам фидо этган қатағон қурбонлари­нинг пок номлари халқимиз қалбида абадий яшаши шак-шубҳасиздир.

Асроржон САТТОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти, маёр.