Хусусан, 2001-йилдан буён Ўзбекистонда 31-август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланади. Зеро, мамлакат тарихида том маънода бегуноҳ одамларнинг қони билан ёзилган саҳифалар кўп. Бу Туркистоннинг
ХИХ асрда босиб олиниши, ўтган асрдаги жадидлар ҳаракатининг аёвсиз тугатилиши, 30–50-йиллардаги даҳшатли қатағонлар, 80-йиллардаги пахта иши ва бошқалар.
Шу ўринда ўтган асрнинг 20-йилларида ёшларни илм олишга йўналтирилган хайрли ишларни эслатиб ўтишни лозим топдик. Бу даврда Бухорода халқ жумҳурияти ташкил этилди. Янги ҳаёт, янги орзу-интилишлар билан яшалди. Худди шу кезлари Туркистон ўлкасида буюк бир маънавий ҳаракат бошланди. Мустамлака тузуми туфайли тараққиётдан орқада қолган Туркистон халқи замонавий илм-фан сирларини ўрганишга киришди. Шу мақсадда халқимизнинг энг салоҳиятли фарзандлари сараланиб, Европанинг илғор мамлакатларига ўқишга юборилди. Бу тарихий ишга атоқли давлат ва жамоат арбоблари Файзулла Хўжаев, Мунаввар қори, Фитрат, Саидносир Миржалилов, Чўлпон каби зиёлилар бош қўшишди.
Юртимиздан ўқишга юборилган 70 га яқин талаба Германиянинг Берлин, Дрезден, Бон, Хайделберг, Дармштадт каби шаҳарларида машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, тарих, фалсафа, педагогика, генетика, инженерлик соҳаларида билим олишди. Чунки Туркистон шундай мутахассисларга ниҳоятда муҳтож эди.
ХХ асрнинг бошларида масъум юраги соф орзу умидлар билан тўлиб-тошган, олис Германияга илм ва бахт излаб кетган йигит-қизларимизнинг бир қисми ватанига қайтди. Аммо немис диёрида ўқиб келган туркистонлик талабаларнинг кўпчилиги Сталин репрессияларининг қурбони бўлди. Германияда ўқишни давом эттираётган иккинчи гуруҳ эса бу мудҳиш фожиалардан хабар топиб, саросима ва қайғуга тушди. Бухоро ҳукумати юбориб турган стипендиялар, жамиятлар томонидан берилаётган моддий ёрдамлар бутунлай тўхтаб қолди. Туркистонлик талабалар шундай оғир шароитда ҳам таҳсилни давом эттирди. Қийинчилик ва машаққатларни енгиб, ўқишни тугатади. Афсуски, Ватанда уларни олқиш ва гулдасталар эмас, тиканли симлар кутаётган эди. Улар изтироб ва виждон азоби остида она юртни қўйиб чет элларга, жумладан, Туркияга кетишга мажбур бўлишади. Иброҳим Ёрқин, Тоҳир Чиғатой, Аҳмаджон Иброҳимов, Абдуваҳоб Муродий, Абдумажид Иброҳимов, Саттор Жаббор, Хайриниса Мажидхонова, Саида Шераҳмедова, Марям Султонмуродова ва бошқаларнинг ҳаёт ва фаолиятлари, 30-йиллардаги аччиқ қисматлари фикримизнинг яққол далилидир.
Шундай қилиб, 30-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда бошланган қонли террор оқибатида Германияда ўқиб қайтган талабалар немис-фашист жосуслари, ватан хоинлари каби сохта айблар билан қатл қилинди. Шу билан уларнинг республикамиз иқтисоди, хўжалиги, илм-фани ва маданияти тараққиёти йўлида олиб бораётган фидокорона ишлари барбод этилди, уларнинг номини тилга олишга ҳам йўл қўйилмади, ҳатто авлод-аждодлари ҳам узоқ таъқиб ва тазйиқдан қутула олмади. Туркия ва Германияда қолиб кетган талабаларга ҳам ватан хоинлари сифатида муносабатда бўлинди.
Тақдиримизга оқ доғ бўлиб тушган 30–50-йиллардаги қатағон қанчадан-қанча ҳалол инсонларнинг умрига зомин бўлди. Айниқса, мустабид тузум кирдикорларига қарши фикр билдирган миллий ижодкор зиёлиларнинг бир қатор вакиллари – Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Асадулла Хўжаев, Ашурали Зоҳирий, Элбек, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Отажон Ҳошимов, Усмон Носир ва бошқалар қатағон қурбони бўлишган. Шундай қилиб, шўро тузуми, қатағонлар ёрдамида ўрнатилган тартиб кучайтирилди, у норозилик ва ташаббускорликни куч билан йўқ қилди, инсоният ва демократияни шафқацизларча поймол қилди.
Иккинчи жаҳон уруши арафасида ва урушдан кейинги йилларда ҳам миллат фидойиларининг бошидан қора булутлар аримади, кўплари ноҳақ айблар билан қурбон бўлишди. Маданиятимизнинг машҳур арбоблари Абдулла Қаҳҳор, Миртемир ва Туроб Тўла бадном этилди. Мақсуд Шайхзода, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Шукрулло, Саид Аҳмад сингари адиблар, Ҳамид Сулаймон, Муҳиддин қори Ёқубов, Сулаймон Азимов, Тўхтасин Жалилов ва бошқа олим-у санъаткорлар ўз ҳаётларининг муайян йилларини қамоқларда ўтказди. Ойбек муҳаррири бўлган «Шарқ юлдузи» журнали алоҳида танқидга учради.
У космополитизмда, сиёсацизликда, тартибсизликларни келтириб чиқарадиган асарларни чоп этишда айбланди.
1937–1939-йилларнинг ўзидагина Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг учликлари томонидан 41 минг нафардан кўпроқ киши қамалди. Шулардан
37 минг нафардан ортиғи судланди, 6 минг 920 нафар
киши отиб ташланди. 1939–1953-йилларда эса
61 минг 799 нафар киши қамалди. Шулардан 56 минг
112 нафари турли муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 7 минг 100 нафари эса отиб ташланди.
Ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлар орасида олимларни ҳам, ҳарбийларни ҳам, зиёлилардан тортиб оддий ишчилар-у деҳқонларни, ҳатто косиб ва ҳунармандларни ҳам истаганча топиш мумкин эди. Мустақилликка эришгунимизга қадар қатағоннинг манфур тўлқини доимо қалқиб турди. Бу борада 1980-йилларда туҳмат ва бўҳтонлар орқали «ўзбек иши» тамғаси билан халқимизнинг бошига тушган қора кунларни ҳам унутиб бўлмайди.
Гдлян ва Иванов бошчилигидаги собиқ иттифоқ прокуратураси ходимлари «ўзбек иши», «пахта иши» каби туҳматларни уйдиришди. Ўзбек халқи очкўзлик, лаганбардорлик, уйдирмачилик ва бошқа гуноҳларда айбланди. Биргина «пахта иши» бўйича республиканинг 25 мингга яқин аҳолиси суд ва терговсиз қамоққа олинди.
Бугун давлатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган одилона миллий сиёсат натижасида тарихий ҳақиқат тикланганини, тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган мамлакатимизда инсон хотираси ва маънавий қадриятларга юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу фарзандларимиз учун муҳим ўрнак бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон мустақиллик йилларида, ҳақиқатан ҳам, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати улуғланган давлатга айланди.
Ғайратулла Шукуров,
ўз мухбиримиз.
