Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ППХ баталёни шахсий таркиби орасида ҳам сўз қудратини ҳис қила олган ижодкор ходимлар бор. Улардан бири Ижтимоий-сиёсий, оммавий-маданий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш отряди инспектори, сафдор Самойиддин Шамсуддинов. 

Самойиддиннинг шеърларида самимийлик, Ватанга муҳаббат, ота-онани ҳурмат қилиш каби туйғулар тараннум этилади. Унинг айрим ижод намуналари «Жануб ёш ижодкорлари» номли тўпламдан жой олган. 

Инсоний фазилатлар киши хулқига зеб беради. Худди шундай, Самойиддин ҳам инсонлардаги қатъиятни қадрлайди. 

— Ҳар бир инсон ўз олдига бир мақсад қўйдими, тўсиқларга дуч келса ҳам, йўлидан оғишмай олға ҳаракат қилиш учун куч топа олиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки қатъиятлилик кўп нарсаларни ҳал қилиб қўяди. Бунинг учун кишида мустақил фикр бўлиши лозим, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. 

Дарвоқе, тафаккурли инсон учун ҳаётнинг ҳар лаҳзаси сабоқ. Муҳими, ўша лаҳзаларни ўтказиб юбормаслик керак. С.Шамсиддинов ҳам олган сабоқларини, англашларини, хулосаларини ижоди орқали одамларга етказишга, эзгулик улашишга ҳаракат қилади. 

Феруза Раҳмонқулова,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти. 


Маҳбуб ноласи

Ишқим тушди бир жононга,

Ўт тушди-ку хонумонга.

Кел ёнимга сен бир онга, 

Руҳ бағишла ширин жонга.

Севги ўзи асли надир?

Ошиқ кўнгли кўрдир, кардир.

Бу дунёда севги бордир,

Уни туйган ошиқ ҳар чоғ,

Кўтарилар кўнгли тоғ-тоғ.

Ишонмасанг, бир қараб боқ,

Чўл бўлса ҳам бўлар боғ-боғ.

Севги дарддир ўзи асли,

Униб чиқар ёшлик фасли.

Гул барглари хуш ифорли,

Туяр уни чин юракли.

Даво йўқдур ушбу дардга,

У тегади фақат мардга.

Маҳбуб кўнар ҳар бир шартга,

Қайтолмайди ҳеч ҳам ортга.

Самойиддин 

ШАМСУДДИНОВ,

сафдор.