Ақшнинг Вашингтон шаҳрида ҳеч бир бино Капитолий тепалигида жойлашган мамлакат Конгресси, яъни қонун чиқарувчи орган – парламенти биносидан баланд бўлмаслиги керак деган нақл юради. Бунинг боиси мамлакатда қонун барча нарсадан устун бўлиши кераклиги билан изоҳлашади.

Қадимги юнон файласуфи Арасту давлат бошқаруви асосида қонунлар ётиши ке­рак дея таъкидлаган. Чунки ҳатто энг яхши ҳукмдор ҳам ҳиссиётга, руҳий ҳаяжонга берилиши мумкин, қонун эса «мувозанатланган ақл»дир деб ҳисоблаган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатдир. Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси, принсипи эса – бу қонун устуворлиги. Ушбу принсип инсон ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқ. Зеро, қонунлардан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат.

Яна Бош қомусимизга мурожаат этадиган бўлсак, унинг 15-моддасига кўра, юртимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишлари лозим.

Демак, республикамизда қонун устуворлигини белгиловчи ҳуқуқий база мавжуд экан. Хўш, бу қоидалар қоғозда қолиб кетмаслиги учун мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устуворлиги қай йўсинда таъминланади?

Ҳуқуқий давлатда ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши мумкин. У давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Жамият ҳаётида қонунийликни таъминлашда прокуратура органлари зиммасига ҳам улкан масъулият юкланган. Чунки Бош қомусимизнинг 143-моддасига асосан, мамлакатимиз ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси­нинг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Юртимизда қонунийликни таъминлашда ички ишлар органларининг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунида ушбу соҳа ходимларининг асосий вазифаларидан бири сифатида айнан қонун устуворлигини таъминлаш ҳам кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, улар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини амалга ошириш орқали ҳам жамиятда қонунийлик ҳукм суришига ҳисса қўшишади.

Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, жамиятда қонунийликни таъминлаш давлат идоралари ходимлари­нинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, қонунларга амал қи­лиш борасида биринчи галда мансабдорларнинг ўзлари намуна бўлишлари лозим. Амалдорлар қонунбузарлик содир эцалар, давлатнинг обрўйига путур етказадилар.

Бугунги ахборот асрида қонунийлик жамият ҳаётининг одатий меъёрига айланишига эришишда оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам катта ўрин тутади. Президентимиз ўтган йилда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида уларнинг ўрнини эътироф этиб: «Куюнчак ва олижаноб журналистларимиз, фаол блогерларимиз ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар», – дея таъкидлаган эдилар.

Тўғри, қонун устуворлигини таъминлашда назорат ҳеч шубҳасиз керак. Лекин жамиятимизда қонунийликнинг қарор топиши авваламбор ҳар биримизга боғлиқ. Ўзимизга савол берайлик. Пиёда ёки ҳайдовчи сифатида йўл ҳаракати қоидаларига ҳар доим ҳам риоя этамизми? Бир фуқаро сифатида ўзимиз яшайдиган маҳаллада атроф муҳитни муҳофаза қиляпмизми? Истеъмолчи сифатида ичимлик сувини исроф қилмаяпмизми? 

Кимдир булар майда масалаларку дейиши мумкин. Лекин катта қонунбузарликлар ҳам кичик қоидабузарликлардан бошланади. Қонунларга доимо риоя қилиши учун кишининг виждони уйғоқ, энг сергак назоратчи бўлиши керак. Чунки одам баъзан қонунга ҳам, бошқа назоратчиларга ҳам чап бериши мумкин, лекин виждонга чап бериб бўлмайди. Виждон уйғоқлиги биринчи галда маънавий, ҳуқуқий тарбия билан боғлиқ. Тарбия эса бешикдан қабргача давом этадиган жараёндир.

Мамлакат ҳаётида қонун устувор бўлмаса, одамларнинг давлат идораларига ишончи йўқолади. Улар адолат, ҳақиқат, тенглик шунчаки қуруқ сўзлар экан деган хулосага келади. Натижада ўзлари ҳам қонунларни айланиб ўтишга ҳаракат қилади. Қайсики мамлакатда қонунларга риоя қилинмаса, коррупсия авж олади, иқтисод оқсайди. Бундай мамлакатга чет эллик тадбиркорлар ҳам сармоя киритишни исташмайди. Энг аянчлиси, маънавий таназзул юз беради.

Мухтасар қилиб айтганда, ривожланишни истаган жамият қонун устуворлигига эришиши шарт. Зеро, қонунийлик бугунги кунда давр талабидир. Шундай экан, юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш учун аҳолини ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий он­гини ошириш зарур. Бу бар­чани қонунга бўйсуниш ва ҳурмат руҳида тарбиялаш демакдир.

 

Бобомурод ТОШЕВ,

ўз мухбиримиз.

Азамат ПИРНИЯЗОВ таржимаси.