Маънавият ва маърифат дарси
(Афғонистондаги сиёсий ўзгаришлар мисолида)
Афғонистон. Бу сўз неча йилларки, «ўзаро низолар», «нотинчлик», «уруш» каби сўзлар билан бирга қўлланилади. 1978 йилнинг апрел ойида бошланган ва тарихга «Савр инқилоби» номи билан кирган воқеликлардан сўнг жафокаш афғон халқи рўшнолик кўрмади, деярли бирон кун йўқки, тинч, осойишта ўтган бўлса...
Ўтган йиллар давомида манфаатдор ташқи кучларнинг таъсирида Афғонистонда турли хил ички низолар рўй берди. Қуролли тўқнашувларда миллионлаб бегуноҳ инсонлар дунёдан кўз юмди. Мамлакатнинг гўзал табиатига, бир неча минг йиллик тарихий обидаларга жиддий зиён етди. Афғон замини йирик қурол бозорига, катта миқдорда гиёҳванд моддалар етиштириладиган майдонга айланди. Маълумотларга кўра, тахминан 6 миллион киши мамлакатни тарк этди. Бир сўз билан айтганда, оддий халқ урушлардан ўлим ва мусибатдан бошқа нарса топмади.
Жорий йилда Афғонистонда яна сиёсий ўзгаришлар рўй берди. АҚШ қўшинларининг мамлакатдан олиб чиқилиши эълон қилиниши ортидан «Толибон» гуруҳи май ойидан бошлаб, ҳукумат кучларига қарши фаол ҳаракатларни бошлади. Натижада ҳукумат кўп ўтмай мамлакат ҳудуди устидан назоратни йўқотди. 15 август куни толиблар Афғонистон ҳудудини тўлиқ эгаллаганини эълон қилди. Президент Ашраф Ғаний эса кўплаб амалдорлари билан биргаликда Кобулни тарк этди.
Таъкидлаш керакки, афғон заминида узоқ йиллар давомида рўй берган фуқаролик урушлари, талатўплар, жангу жадаллар бутун дунё афкор оммасини, айниқса, қўшни давлатларни хавотирга солмай қолмади. Хусусан, Афғонистоннинг яқин қўшниларидан бўлган Ўзбекистон 1993-йилдаёқ БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида мамлакатдаги мураккаб ва қалтис аҳволга жаҳон жамоатчилигининг эътиборини қаратди. 1995 йили бўлиб ўтган Бош Ассамблеянинг 50-сессиясида Афғонистондаги можарони тинч йўл билан бартараф этиш хусусидаги аниқ таклифларини илгари сурди.
Ўзбекистон бугунги кунда қўшни давлатлар билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган янада изчил, аниқ ва конструктив сиёсат юритмоқда. Икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари кўп асрлик муштарак тарихга эга, бу икки халқнинг тақдири бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-тамаддун маконида яшаб келган».
Афғонистонда тинчликни таъминлаш мамлакатимиз хавфсизлиги ва бутун минтақанинг барқарорлиги кафолатидир. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мазкур давлат билан муносабатларда «Қўшнинг тинч – сен тинч» деган жуда оддий ва прагматик тамойилга амал қилиб келмоқда. Бу борада давлатимиз Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик, афғон халқига ўз ички муаммоларини ҳал этиш имкониятини тақдим қилиш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида унинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишдек қатъий позицияга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21-сентабр куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида видеомурожаат билан сўзга чиқди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё минтақасида юзага келган сиёсий вазиятга ҳам тўхталиб, жумладан, шундай деди: «Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми эканини яна бир бор таъкидламоқчиман. Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Шу боис биз афғон халқига ҳамиша қўлдан келган ёрдамни кўрсатмоқдамиз.
Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. ...Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим».
Дарҳақиқат, Ўзбекистон мамлакатда ҳокимият қайси сиёсий ёки ҳарбий кучлар томонидан назорат қилинишидан қатъи назар, Афғонистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириб келган, афғон халқига ҳар доим ёрдам қўлини чўзган. Мамлакатимиз Мозори Шарифга темирйўл ётқизиш, қўшни давлат шимолини электрлаштириш каби лойиҳаларни амалга оширган. Ҳозирги мураккаб ва қийин вазиятда ҳам жаҳонда биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини юборди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз қўшни Афғон юртида тинчлик ва барқарорлик таъминланиши йўлида кўплаб эътиборга молик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан йирик халқаро ташкилотлар йиғилишларида, нуфузли минбарлардан туриб аниқ таклифлар илгари сурилмоқда. Буларнинг барчаси Афғонистон ва минтақа осойишталигига, фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Камол ОЛЛОЁРОВ,
«Постда» мухбири.
