Шароф Рашидов атоқли давлат арбоби бўлиш билан бирга, улкан сўз санъаткори, моҳир таржимон, инсон қалбининг зукко билимдони эди. Унинг ёшлик, баҳор, гўзаллик, эзгулик, Ватан меҳри тараннум этилган асарлари халқимиз қалбидан чуқур жой олган. Хусусан, «Кашмир қўшиғи», «Икки дил достони», «Дил амри» каби асарлари миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб жой олган, қатор асарлари асосида бадиий филмлар суратга олинган, спектакллар саҳналаштирилган.

Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши кўпчилик қатори ёш журналист ва шоир Шароф Рашидовни ҳам ўз гирдобига тортди. У қонли уруш бошланиши билан биринчилар сафида фронтга отланиб, энг оловли нуқталарда жанг қилди. Фронтда кўрсатган мардлиги ва жасорати учун икки бор жанговар «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланди.

У қаттол ёвга қарши бир қўлида қурол, бир қўлида қалам билан курашди, шу йилларда уруш мавзусида ўнлаб ўтли шеърларини яратди.

Фашистлар Ватанимизга бостириб кирган биринчи куниёқ «Тарихнинг қаҳри-ла қайрадим қилич» шеъри яратилади:

Ғазаб қиличида элим қаҳри бор,

Ғазаб қиличининг кескин заҳри бор,

Юракда қасоснинг тошқин наҳри бор,

Қиличим, қаҳримсан, ёвга бўлгин ёв!

Ҳар бир сатр орқали, ҳар бир мисра орқали душманга бўлган кучли нафрат, ҳар куни ўзбек хонадонларидан урушга жўнатилаётган навқирон йигитларга суянч бўлиш, жигарбандини урушга кузатаётган онаизорларнинг дуолари, ғалабага катта ишонч «Қаҳрамон хотираси», «Жангчи», «Офарин», «Белград қизи», «Яшасин севги!» шеърлари ёзилишига туртки беради.

ЖАНГ ҚИЛ!

Фикрим сенда, жанг қил, мадорим!

Қайраб олган яроғинг бўлай,

Қон ичида ўртоғинг бўлай,

Жанг қил, менинг мадорим, орим!

Жанг қил, ёвга омон бермагин,

Жанг қил, бахти – баҳорим учун;

Ёруғ машъал диёрим учун,

Жанг қил, менинг меҳрибон ёрим!

Жанг қил, бахтим пайҳон бўлмасин,

Кўз ёшларим уммон бўлмасин.

Шодмон кўнгил ҳеч қон бўлмасин,

Жанг қил, менинг бахтим, баҳорим.

Истайманки, кундузнинг куни,

Туннинг сўнмас юлдузи бўлгин,

Адолатнинг сен кўзи бўлгин,

Жанг қил, менинг ҳаётим – борим.

Керак бўлса тез баён этгин,

Жанг ичида намоён бўлай,

Зафарингда мен аён бўлай,

Жанг қил, ёнган чироғим, ёрим!

1941 йил.

ОФАРИН


Кетди донғинг ўлка бўйлаб, жангда ўғлон, офарин,

Мардлигингдан ёв бошига ёғди тўфон, офарин.


Шамширинг бор қайралибдир ўч – адолат тошига,

Шиддатинг бор ёвга офат, этди пайҳон, офарин.


Кул қилиб кўкка совурмоқ ёвни олий фарз эрур,

Сен элим деб ёвни қирдинг, марду майдон, офарин.


Арғумоқ устида лочин – сен зафарнинг элчиси,

Майли жавлон айла жангда, тоза виждон, офарин.


Ол қасос, ўғлон, ғанимдан барча кетган қон учун,

Сенга тикмиш эл кўзини, қайна вулқон, офарин.

1941 йил.