Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг Конститусияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилиш уюштирилди. Бошқарма ва соҳавий хизматлар вакиллари ҳамда фахрийлар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда ИИВ фахрийлар кенгаши аъзоси, юридик фанлари доктори, истеъфодаги полковник Абдуғофир Саттаров сўзга чиқиб, мамлакатимиз Бош қонунининг яратилиши, асосий принсиплари, юртимиз тараққиёти ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти тўғрисида атрофлича тўхталди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг 30 йиллиги муносабати чоп қилинган “Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари”, “Фахрийлар – фахримиз” ҳамда “Ўзбекистон халқи хизматида” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Айтиш лозимки, “Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари” китоби хизмат давомида ҳалок бўлган 170 нафар ички ишлар органлари ходимлари ҳақидадир. ИИВ Бирлашган таҳририяти жамоаси томонидан тайёрланган “Фахрийлар – фахримиз” китобида эса жиноятчиликка қарши курашиш борасида юқори натижаларга эришган ва айни вақтда кексалик гаштини сураётган соҳа фахрийлари хусусида фикр юритилади.
“Ўзбекистон халқи хизматида” китобида ички ишлар органларининг тарихи, бугуни, тараққиёт босқичлари, соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган фидойи инсонлар қаламга олинган. Тақдимотда ИИВ Академияси досенти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, подполковник Қувончбек Қодиров, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаэв ва бошқалар сўзга чиқди.
Йиғилиш давомида Жиззах вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядининг 5 нафар ходими “Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядларига 15 йил” эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шунингдек, энг фаол ходимларга китоблар жамланмалари топширилди. Айни мазмундаги тадбир ИИВ Жиззах академик лисейи ўқувчилари иштирокида ҳам ташкил этилди. Тадбир китоб ярмаркасига уланиб кетди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
