Ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ходимлар ўртасида турли спорт мусобақалари ва кўрик-танловлар ўтказиш йўлга қўйилган. Хусусан, тизимдаги иқтидорли ходимларни аниқлаш, уларнинг интеллектуал билимини юзага чиқариш учун шароит яратиш, фаол ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловини ўтказиш режалаштирилган.
Яқинда ушбу кўрик-танлов Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилди. Унда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва тинчлик-осойишталикни сақлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир қатор ходимлардан иборат 4 та, яъни “Беклар”, “Барса келмас”, “Ички ишлар” ва “Уч авлод” жамоалари иштирок этди.
Кўрик-танловда жамоалар икки шарт бўйича беллашди. Таништирув ва хизмат давомида содир бўлган қизиқарли воқеаларни маданиятли тарзда кўрсатиб бериш шартлари бўйича жамоалар чиқишлари ҳайъат аъзолари томонидан холис баҳолаб борилди. Унга кўра, биринчи ўринни “Ички ишлар”, иккинчи ўринни “Уч авлод”, учинчи ўринни эса “Барса келмас” жамоалари эгаллади.
Ғолиб жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бахтибай ҚУЛМУРАТОВ,
подполковник.
