Хусусан, 2023-йил 20-декабр куни давлат раҳбари раислигида ИТ инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида коррупсияга қарши курашиш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқиш ва унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди ва соҳани янада ривожлантириб, халқаро даражага олиб чиқиш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
Ҳар доимгидек долзарб
Сўнгги йилларда коррупсияга қарши курашиш услублари ва механизмлари, шунингдек, ушбу тоифадаги жиноятларга қарши курашишга қаратилган жиноят қонунчилигида жиддий ўзгаришлар рўй берганига қарамай, бу масала ҳар доимгидек долзарблигича қолмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда коррупсияга қарши кураш йўналишларидан бири давлат органлари фаолиятига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобланади. Ахборот технологияларидан фойдаланишни «электрон давлат» атамаси бирлаштиради, бу эса, ўз навбатида, «электрон ҳукумат», «электрон парламент», «электрон адлия» каби тушунчаларни қамраб олади. Электрон адлия деганда, маълумотларни рақамли қайта ишлашга эга техник тизимлардан фойдаланишга асосланган одил судловни амалга ошириш усули тушунилади.
Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги томонидан 38 та давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жисмоний ва юридик шахсларга электрон тарзда кўрсатиб келинмоқда, яқин келажакда уларнинг сони 72 тага етказилиши белгиланган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан яқин ҳамкорликда электрон давлат хизматлари улушини янада ошириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.
Рақамли технологиялар коррупсияга қарши курашиш соҳасида фойдаланиш учун кенг истиқболга эга. Шу билан бирга, уларни қўллаш доирасини иккита векторга бўлиш мумкин:
– коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, таҳлил қилиш, текшириш, башорат қилиш ва мониторинг қилиш йўли билан коррупсиянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда бевосита қўллаш;
– давлат органлари фаолиятида самарадорлик, ҳисобдорлик ва ошкоралик тамойилларини илгари суриш орқали коррупсияга билвосита таъсир қилишда қўллаш.
Сунъий интеллект ва машинали ўрганиш
Коррупсияга қарши курашишда сунъий интеллектдан фойдаланишга оид мисоллар нисбатан кам бўлса-да, мутахассисларнинг фикрига кўра, ундан фойдаланиш коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва башорат қилиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштириши мумкин.
Ваколатли органлар учун жуда мураккаб ва кўп вақт талаб қилиши мумкин бўлган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашни тезлаштириш вақт ва бошқа ресурсларни сарфлашни оптималлаштиради ва диққатни фақат энг муҳим маълумотларга, масалан, эҳтимоллик даражаси юқори бўлган коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар мавжудлигини (содир этиш имкониятини) кўрсатувчи маълумотларга қаратади. Буюк Британияда сунъий интеллектдан фойдаланиш терговчиларга атиги бир неча ой ичида 30 миллиондан ортиқ ҳужжатларни таҳлил қилиш ва терговга тегишли маълумотларни танлаш имконини берди.
Сунъий интеллект аномалияларни, коррупсиянинг эҳтимолий бузилишларини кўрсатадиган «қизил байроқлар»ни анча юқори аниқлик билан эрта аниқлашга ёрдам беради. Мисол учун, Испанияда тадқиқотчилар нейрон тармоқларга асосланган моделни ишлаб чиқдилар, бу уларга мамлакат ҳудудларида коррупсия қонунбузарликлари эҳтимолини ҳисоблаш ва уларни амалга оширишга яратилган қулай шарт-шароитларни аниқлаш имконини берди.
Шундай қилиб, бир қатор функсияларни сунъий интеллектга ўтказиш орқали қўшимча коррупсия хавфини келтириб чиқарадиган инсон омилининг таъсирини камайтириш мумкин.
блокчейн
ТЕХНОЛОГИЯСИ
Тақсимланган маълумотлар (дистрибутед датабасе) базаларининг технологияларидан бири бўлган блокчейн ҳокимият ва ташкилотлар фаолиятининг шаффофлигини ва улар бошқараётган маълумотлар хавфсизлигини таъминлашда фойдаланиш учун кенг имкониятларга эга. Коррупсияга қарши кураш мақсадида ушбу технологиядан, масалан, ер реестрини юритиш, бюджет маълумотларини ошкор қилиш, шартномаларни бажариш, транзаксияларни амалга
ошириш ва таъминот занжирларини бошқаришда фойдаланиш мумкин:
блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда яратилган шаффоф ва ҳисоб берувчи тизим виждонсиз шахсларга маълумотларни манипуляция қилиш ва фирибгарлик ёки коррупсион фаолиятни амалга оширишни қийинлаштиради;
блокчейн технологиясига асосланган тизимда амалга оширилган транзаксиялар тўғрисидаги маълумотларни ўзгартириш ёки ўчиришнинг мумкин эмаслиги барча транзаксияларнинг тўлиқ ва очиқ маълумотлар базасини яратиш ҳамда маълумотларни адолациз ўзгартириш хавфини минималлаштириш имконини беради;
таъминот занжирини бошқаришда блокчейн технологиясидан фойдаланиш, хусусан, ҳисобни юритиш ва кузатиб бориш имкониятларини яратади.
Биг дата – катта маълумотлар таҳлили
Биг дата катта маълумотлар таҳлилидан коррупсияга қарши курашишда иккита асосий йўналишда фойдаланиш мумкин:
– шубҳали операцияларни аниқлаш, текшириш, мониторинг қилиш коррупсия хавфини баҳолаш. Масалан, Будапештдаги коррупсияни ўрганиш маркази Европа Иттифоқи мамлакатларида давлат харидларини мониторинг қилиш учун Биг дата маълумотлар таҳлилидан фойдаланади, жуда қисқа тендер муддатлари ёки ғайриоддий натижалар (масалан, тендерларда рақобатнинг йўқлиги ёки бир хил ташкилот томонидан қайта-қайта ғалаба қозониш) каби аномалияларни аниқлайди;
– хабардорликни ошириш, миллий, тармоқ ёки маҳаллий коррупсияга қарши сиёсатни такомиллаштириш ҳамда башоратли таҳлил ва визуализация орқали уларни амалга
ошириш натижадорлигига эришиш, қарорларни янада самарали қабул қилишга ҳисса қўшиш.
Айтиш жоизки, рақамлаштириш орқали инсон омили камайтирилади ва ахборот тизимлари билан ишлашга ўтилади. Инсон омилини камайтириш – коррупсиянинг «оёғига болта уриш»дир.
Абдурасул ИМИНОВ,
ИИВ Академияси ахборот технологиялари кафедраси бошлиғи, физика-математика фанлари номзоди, подполковник.
