ТОЗА ҲАВО КЕРАК
Бир маромда ҳаёт кечириш кўпчиликка ёқади. Чунки бундай шароитда киши ўзини хавфсиз, хотиржам ҳис этади. Турмуш тарзингиз қолипга тушиб қолса, асабийлашмайсиз, ташвишга тушмайсиз, ҳатто ақлингизни зўриқтиришга ҳам ҳожат қолмайди. Чунки кундалик бажарадиган ишларингиз одатга айланиб улгурган бўлади. Аммо бундай яшаш зерикарли эмасми? Балки, ҳаётингизга тоза ҳаво олиб кириш керакдир. Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?..
СУҒУР КУНИ
Шу номдаги филъмни томоша қилгандирсиз? Унда ҳар куни бир воқеанинг такрорланавериши жонингизга тегиб кетади. Энди ўз ҳаётингизга назар ташланг. Балки, ўзингиз ҳам шу тарзда турмуш кечираётгандирсиз?
Кундалик вазифаларни бажариш чоғида ўзингизни ҳаётдан, воқеликдан узилиб қолгандай ҳис этасизми? Агар ҳар куни бир хил хатти-ҳаракатни такрорлайверсангиз, охир-оқибат нима қилаётганингизни тушунмай қоласиз. Ишингизни автоматик равишда бажарадиган «робот»га айланасиз. Руҳшунослар буни ярим мудроқ ҳолатга қиёслашади. Ишхонангизда ҳатто гоҳида мудраб қолсангиз ҳам ажабмас. Ишингизнинг зерикарли эканлиги ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
Иш куни охирлаганда ўзингизни ўлгудай чарчаган ҳис этасиз. Кун бўйи хаёлингизда «Уфф, зерикиб кетяпман!» деган фикр айланади. Аммо фаолият турини ўзгартиришга журъат этолмайсиз ёки вазифангизга ижодий ёндашишга ҳафсала қилмайсиз.
Бора-бора шу тарзда ҳаёт кечиришга кўникиб қоласиз. Сизни гўёки ўз пилласига ўралиб олган ипак қуртига ўхшатиш мумкин. Агар турмуш тарзингизни ҳозир ўзгартирмасангиз, орадан 10-20 йил, ана борингки 30 йил ўтиб, «Ҳар дақиқаси бебаҳо умримни нимага сарфладим ўзи?!» деб афсус чекишингиз муқаррар.
МУҲИМИ – ИЛК ҚАДАМ
Ҳаётингизни кескин ўзгартира олмасангиз, кичик ўзгаришлардан бошланг. Масалан, ҳар куни 30 дақиқа вақтингизни (иш пайтида эмас, албатта) ўзингиз учун кўнгилли бўлган машғулотларга бағишланг. Дейлик, сурат чизинг, мусиқа тингланг, кинофилъм томоша қилинг. Истасангиз, рақсга тушишингиз, бирор спорт тури билан шуғулланишингиз мумкин.
Кундалик ишингизга ижодий ёндашинг. Бир вазифани бажаришнинг турли усулларини синаб кўринг. Соҳангиз бўйича сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиб боринг. Уларни ўз фаолиятингизга татбиқ этинг. Компъютер технологияларидан самарали фойдаланинг.
Кабинетингизда тушлик қилиш одатидан воз кечинг. Шоша-пиша тамадди қилманг. Гумма ёки сомса ҳар доим ҳам тушлик ўрнида ўтавермайди. Овқатлангани яқин орадаги ошхонага боринг. Уяли телефонингизни ишхонада қолдиринг. Ҳеч нима ҳақида ўйламай, берилиб, иштаҳа билан овқатланишнинг, маза қилиб кўк чой симиришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Хуллас, тушлик пайтида бор ташвишларни унутинг.
Озроқ вақт қолса, фаввора яқинида ўтириб дам олинг. Сувнинг қуёш нурида жилваланиб отилиши кишини тинчлантириб, кўнглингизга завқ бағишлайди. Ишхонага ҳар куни ҳар хил йўлдан боринг. Хонангиздаги пардани, мебелларнинг ўрнини ўзгартиринг. Аста-секин, қадам-бақадам ҳаётингизда жиддий ўзгаришлар қилишга киришинг. Энг муҳими – бошлаш, дастлабки қадамни ташлаш.
Бобомурод Тошев тайёрлади.
