Маънавият маршрутлари

«Руҳобод» маъжозий ном бўлиб, аслида шайх Бурҳониддин Соғаржийга атаб қурилган мақбарадир. Соғарж эса қадимги Самарқанд яқинидаги қалъалардан бирининг номи ҳисобланади. Бу шайх Бурҳониддин ушбу қалъада таваллуд топганини билдиради.

Манбаларда исломий илмда юксак мартабага эришган шайх Бурҳониддин ҳажга бориб, узоқ йиллар Маккаи мукаррамада имом-хатиб вазифасида фаолият юритгани ва Самарқанд шаҳрида дафн этилишини каромат қилгани қайд этилади.

Яна бошқа манбада шайх Бурҳониддин Соғаржий бир неча йиллар давомида ислом динини Шарқий Туркистонга ёйгани, кейинчалик Пекин шаҳрида «мусулмонлар раҳбари» деб тан олингани ёзилган.

Шайх Чин юртида вафот этганида, унинг ўғли Абу Саид отасининг жасадини Самарқандга олиб келиб, уни Нуриддин Басир қабри ёнига дафн этади.

Ривоятларда Соғаржий оиласининг бошқа аъзолари, хусусан, унинг хотини – «хитойлик малика» ҳам мақбарага дафн этилгани, муқаддас қадамжо қубба (гумбаз) тагидаги мис қути ичида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг еттита соч толаси бор, дейилади.

– Мақбаранинг бунёд этилиши тарихига тўхталадиган бўлсак, Амир Темур салтанатининг дастлабки даврида Самарқанд шаҳрини обод қилиш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилади, – дейди «Руҳобод» мақбарасининг гид-тушунтирувчиси Зулхумор Рўзиева. – Шу вақтда юзага келган очиқ майдонда соҳибқирон Бурҳониддин Соғаржийнинг руҳи шод, қабри обод бўлсин, деган мақсадда мақбара қурдиради. Бир гумбазли бу бино «Руҳобод» мақбараси, «Руҳ уйи» номи билан танилади.

Мақбаранинг олд томони ўйиб нақш солинган, сирланган ва қизғиш жигарранг плиталарга эга. Темурийлар ва ундан кейинги даврларда ўзаро урушлар, иқтисодий таназзул натижасида Самарқанд шаҳри ўзининг аввалги тароватини йўқотади. ХИХ асрда эса Бухоро амири томонидан мақбаранинг ўймакор безакли кириш эшиги, мақбарага боғлаб мадраса, масжид ва минора қурилади.

Мақбара чорсихона, устидаги 8 қиррали пойгумбаз ва оддий гумбаздан иборат. Ташқи томондан шайх қабрига туташ девор сиркори сопол билан пештоқ шаклида ҳошияланган. Ичкарида нақшин безак қолдиқлари сақланган.

Истиқлол йилларида «Руҳобод» мажмуасининг қадимий таровати тикланди. Айниқса, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги муносабати билан бутун мавзе ободонлаштирилди. Ҳозирда бу маскан кўҳна Самарқанднинг диққатга сазовор обидаларидан бирига айланган.

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА тайёрлади.